«Флагманлар кушандаси қайтди!» – Poco F2 Pro кутилганидан арзон нархда тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  3777
  •  13.05.2020 12:11

«Флагманлар кушандаси қайтди!» – Poco F2 Pro кутилганидан арзон нархда тақдим этилди!

Xiaomi корпорацияси аввалроқ Pocophone’ни мустақил бренд тарзида ажратган ва унинг иккинчи смартфонини тақдим этган эди. Мазкур арзон қурилма Pocophone X2 (Poco X2) деб номланган, аммо бренднинг флагмани Pocophone F2 (ёки Poco F2) номи билан чиқиши кутилаётган эди.

ЎҚИНГ: Узоқ кутилган Pocophone F2 ҳафсалани пир қилди! (+«жонли» расмлар)

Кеча – 2020 йилнинг 12 май санасида Poco бренди вакиллари расмий онлайн анжуман ўтказишди. Унда намойиш қилинган смартфон, аввал ҳам ёзганимиздек, Хитойда тақдим қилинган смартфон – Redmi K30 Pro моделининг қайта номланган версияси бўлиб чиқди. Аммо компания уни кутганимиздек Poco F2 эмас, балки Poco F2 Pro деб атаган ва фақат Ҳиндистон бозори учун эмс, балки глобал бозорга чиқаряпти. Қувонарли жиҳати – «Флагманлар кушандаси қайтди!» шиори билан тақдим этилган мазкур смартфон аввалги хабарларда айтилганидан анча арзон сотилар экан!

Poco F2 Pro диагоналига 6,67 дюймлик, Full HD+ форматидаги Sumer AMOLED экранга эга. Олд камера корпусдан чиқадиган механизмга жойлангани боис, дисплейда кемтик ёки тирқиш очишга ҳожат қолмаган. Кадр янгиланиш частотаси 60 герцни ташкил этувчи экранга бармоқ изи сканери ҳам интеграция қилинган.

ЎҚИНГ: Энг зўр ўнта ҳамёнбоп смартфон (AnTuTu глобал рейтинги, 2020 йил апрель)

Флагманни энг кучли Snapdragon 865 процессори ҳамда 128 ва 256 гигабайтлик ҳажмлардаги энг сўнгги – UFS 3.1 тоифали доимий хотиралар билан таъминлашган. Тезкор хотира борасида Poco F2 Pro икки хил версияда чиқади: 6 ГБлик LPDDR4X ҳамда 8 ГБлик LPDDR5 чиплари.

Xiaomi вакиллари намойиш чоғида унинг хусусиятларини энг нуфузли флагманлардан бўлмиш Samsung Galaxy S20+ ҳамда OnePlus 8 Pro билан таққослаб кўрсатишди. Кўриниб турибдики, ҳатто нархини ҳисобга олмаганда ҳам Poco F2 Pro рақибларидан устун.

Хулласи калом, корпусида бошқа бренд ёзуви туширилганини айтмаса, Poco F2 Pro барча хусусиятларига кўра Redmi K30 Pro билан бир хил; уларни эса мана бу хабаримизда кўриб чиқишингиз мумкин. Xiaomi уни тўрт хил – кул ранг, оқ, кўк ва бинафша ранг корпусларда чиқармоқда.

Нархига келсак, 6 гигабайтлик тезкор ва 128 гигабайтлик доимий хотирага эга бўлган Poco F2 Pro учун 499 евро сўрашмоқда. Тезкор/ички хотираси тегишлича 8/256 гигабайтлиги учун эса 599 евро тўлашга тўғри келади.

Дарвоқе, Poco F2 Pro энг сўнгги – Android 10 операцион тизим талқини устига қурилган MIUI 11 график қобиғига эга.

ЎҚИНГ: РАСМИЙ РЎЙХАТ: MIUI 12’гача янгиланувчи 32 моделдаги смартфон