Ford машиналарини виртуал воқеликда лойиҳалаштирмоқда

Ford машиналарини виртуал воқеликда лойиҳалаштирмоқда

Виртуал воқелик тез орада смартфонлар каби оммалашиб кетади, деб ҳисоблайди “Форд”чилар.

Виртуал воқелик технологияси янги Ford Fiestaнинг дизайни устида ишлашда қўл келди. Компания дизайнерлари махсус жиҳозланган студияда ускуналар панели, ўриндиқлар ва бошқарув механизмларини лойиҳалаштирди.

Шу билан бирга компания виртуал воқелик ва рақамли голограмма ёрдамида машинасозлик соҳасида бир қатор ечимларни таклиф қилмоқчи.

“Одамлар ўзларига маҳсулот ёқиш-ёқмаслигини билишлари учун уч дақиқа етарли ва бу автомобилга ҳам тегишли. Салонга ўтирган онингизда автомобилнинг ҳиди, ёпилаётган эшигининг овози, сирти ва пардозланган материалларининг сезгиси билан кучли тасаввурингиз уйғона бошлайди; агар биз дизайнерлар бу манзарани виртуал воқелик ёрдамида мижозларга тасвирлаб бера олсак, катта бурилиш бўлади”, дейди “Форд”нинг интерьер дизайни масалалари бўйича бўлинмаси раҳбари Амко Линартс.

Виртуал воқелик технологияси кўплаб автомобиль брендлари томонидан кенг қўлланилаётганини қайд этиб ўтиш жоиз. Аввалроқ, Jaguar Land Rover компанияси Россия автосалонида бу технологияни намойиш қилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!