Fortnite’ни энди исталган Android-қурилмада ўйнаш мумкин, фақат...

  •   DiMaX
  •  539
  •  12.10.2018 16:27

Fortnite’ни энди исталган Android-қурилмада ўйнаш мумкин, фақат...

Геймерлар орасида энг оммалашган ўйинлардан бири Fortnite ҳисобланади. Бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб кишилар PlayStation 4, Xbox One ва компьютерларда уни ўйнашади.

ЎҚИНГ: Fortnite бўйича тренер қидирилмоқда

Бир неча ой аввал ушбу ўйин iOS тизимидаги қурилмалар учун ҳам тақдим этилганди, ўшандан бери уни «олмали» гаджетлар эгалари 100 миллион мартадан ошиқ юклаб олишди.

Яқиндагина Fortnite ўйини Android учун тақдим этилиб, илк бора Galaxy Note 9 фаблети, кейин эса уч кун ичида фақатгина Samsung’нинг яна бир қатор смартфон ва қурилмаларида уни юклаб олиш ва ўйнаш мумкин бўлди. Ҳатто бу ўйин усталари учун жанубий кореялик техногигант ўз ҳадяларини ҳам улашди.

ЎҚИНГ: Samsung энг зўр Fortnite ўйинчиларига Galaxy Note 9 ҳадя этяпти! (+видео)

Epic Games компанияси бу маҳсулотини ўзи мустақил тарзда тарқатишга қарор қилган, яъни Fortnite ўйини Google Play иловалар каталогидан юклаб олинмайди.

Жорий йилнинг 13 августидан ушбу ўйинни ўйнаш мумкин бўлган қурилмалар рўйхати анчагина кенгайди. 10 октябрда эса Epic Games компанияси унинг синов босқичи якунланганини эълон қилди. Энди Fortnite ўйинини ҳар қандай Android-қурилмада ўйнаш мумкин, фақат девайс тегишли техник талабларга мос келса бўлди.

Бу талаблар эса қуйидагилардан иборат:

  • Операцион тизим: Android 8.0 ёки ундан кейингилари, 64 битлик;
  • Тезкор хотира: 3 ГБ ёки ундан каттароқ (тавсия этилгани – 4 ГБ);
  • График тезлатгич: Adreno 530, Mali-G71 MP20, Mali-G72 MP12 ёки улардан кучлироқлари.

Агарда сизнинг Android-гаджетингиз ушбу талабларга жавоб берадиган бўлса, у ҳолда Fortnite ўйинини қуйидаги усуллардан бири орқали ўрнатиб олишингиз мумкин:

  • Samsung смартфонлари эгалари ўз қурилмаларидаги Galaxy App Store иловасини очиб, ўйиннинг ўрнатилувчи файлини унинг ёрдамида кўчириб олишади.
  • Бошқа барча Android-қурилмалар эгалари мана бу ҳавола орқали ўтиб, саҳифадаги QR-кодни сканерлаш орқали ўйинни юклаб олишади.

Шу ўринда, турли ўйин файлларини ишончли бўлмаган манбалардан юклаб олмасликни тавсия этамиз. Ҳозирда интернетда Android учун Fortnite ўйинининг «махсус» версияларини юклаб олиш таклифлари кўп, аммо улар аслида қурилмангизга вирус юқтиради.

Шунингдек, яна бир жиҳатини инобатга олинг – ўйинларга муккасидан кетиш ҳам ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин...

ЎҚИНГ: Ажрашишларнинг асосий сабабларидан бири – Fortnite ва бошқа компьютер ўйинлари экан!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!