Футуролог: cмартфонлар ҳукмронлиги даври тугайди ва...

  •   DiMaX
  •  1523
  •  20.10.2017 09:59

Футуролог: cмартфонлар ҳукмронлиги даври тугайди ва...

Ижтимоий тармоқлар кўпайган сари ҳар бир одам ўз хабарини интернетда тарқатиш имконига эга бўлмоқда. Ахборотлар шу қадар кўпки, гоҳида ёлғон маълумотларни тўғрисидан фарқлай олмаймиз. АҚШлик футуролог олимлар бу ҳали ҳолва эканлигини айтишмоқда, деб ёзади «Дийдор азиз» нашри.

Келажакда фейк (ёлғон, ясама) янгиликлар сони кўпайиши натижасида аниқ ахборот ноёб топилмага айланади. Унинг қадрини нефть баҳосига тенглаштириш мумкин. Оқибатда одамлар тўғри ахборот учун катта маблағ сарфлашга ҳам тайёр бўладилар. Бу ҳақида Онлайн янгиликлар уюшмасининг (Online News Association conference) 2017 йилги анжуманида АҚШлик футуролог Эми Вебб айтиб ўтди.

Эми Вебб сунъий онгнинг ахборот технологияларидаги ўрни ҳақида гапирар экан, у секин-аста журналистларни ҳам орта қолдиришини айтди. Мутахассиснинг таъкидлашича, яқин 10 йилда овозни таниш техникаси ёрдамида ўз компьютеримиз билан гаплаша оламиз. Ахборот истеъмолчилари ҳар қандай кўламдаги ахборотга эга бўлишлари учун кенгроқ имкониятлар туғилади. Янги дастурлар ёрдамида бемалол ёлғон видео ва овозлар ҳам яратиш мумкин бўлади. Мисол сифатида Вашингтон университети томонидан яратилган Барак Обаманинг ёлғон видеосини келтириш мумкин. Махсус дастурлар ёрдамида Б.Обаманинг оғиз ҳаракатини ўзгартириб, у керакли мавзуда «гапиртирилган». Келажакда бу каби ёлғон видеоларни ҳар ким ҳам осонгина ярата олади, дейди Эми Вебб.

Ёлғон маълумотлар шу қадар кенг ва тез тарқаладики, оқибатда улар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларга ҳам сабаб бўлади. Тасдиқланган, тўғри маълумотлар эса нисбатан секин тарқалади. Аниқ маълумот манбаси журналистлар эмас, давлат бўлиши мумкин.

Ҳозирда «сунъий онг» ишлаб чиқишда етакчилик қилаётган ўнга яқин компания келажакда ахборот бозорининг назоратчиларига айланади. Сизга қайси ахборот зарурлигини ўзингиз эмас, айнан улар ҳал қилади, дейди Эми Вебб.

2027 йилга келиб смартфонлар ҳукмронлиги якунига етади ва интернет қурилмалари устунлиги бошланади. Интернет ва «ақлли» уй жиҳозларининг тўлақонли интеграциялашуви рўй беради. Оддийгина қуёшдан тўсувчи кўзойнаклар интернетга кирувчи объектга айланади. Ҳатто линзаларда ҳам интернет оламига киришни таьминлаш бўйича лойиҳалар ишланмоқда. Ҳа, бу ҳозир чўпчакка ўхшаб туюлиши мумкин, лекин бизни айнан шундай келажак кутмоқда.

Интернетли кўзойнаклар ҳозирги смартфонларга нисбатан анча «ақллироқ» бўлади. Буюмларингиз ҳатто сизнинг ҳиссиётларингизни сеза олади ва соғлиғингиз борасида қайғуради.

Биз инсон ДНК ахборотларини компьютерга солиб, уни ташқи кўринишини яратишини буюрдик. Ўхшашлик қойил қоларли даражада. Келажакда бемалол исталган кишининг нусхасини ҳам ярата олиш мумкин бўлади. Машиналар бора-бора яхшилик ва ёмонликни ҳам ажрата оладилар, дейди футуролог.

Мутахассис Эми Вебб келажакда оммавий ахборот воситаларининг тақдири нима бўлиши ҳақида 3 тахминни келтирди.

  1. Оммавий ахборот воситаларининг 70 фоизи янги технологияларни кенгроқ қўллаб яшаб қолишга уринадилар. Аммо фейк хабарларга қарши кураш кескинлашади. Улар учун реклама берувчиларни топиш ҳам амримаҳол бўлиб қолади. Кўпгина ОАВлар касодга учраб, ёпилади.
  2. Фейк – ёлғон ахборотлар даври бошланади. Инсонлар кўпроқ ёлғон ахборотлар истеъмолчисига айланишади.
  3. Ахборот тарқатувчилар технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда ёлғон ахборотни самарали текшириш усулларини ўйлаб топадилар ва текширилган ахборот билан даромад топишга ўтадилар.

Аммо, афсуски, сўнгги тахминнинг амалга ошиш эҳтимоли ҳозирда нолга тенг.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!