Galaxy A31 ҳаттоки оммабоп Galaxy A51’дан ҳам кучли бўляпти! Лекин...

  •   DiMaX
  •  4577
  •  05.03.2020 10:03

Galaxy A31 ҳаттоки оммабоп Galaxy A51’дан ҳам кучли бўляпти! Лекин...

Samsung аввалроқ ўрта нархли смартфонлар туркумидаги Galaxy A51 моделини тақдим этган эди. У анчадан бери дунё бўйича энг оммабоп смартфонлар рейтингидан тушмай келаётир.

ЎҚИНГ: Қиёс: Galaxy A51 vs Galaxy A50

Компания ушбу сериянинг навбатдаги вакилларини ҳам тақдимотга тайёрламоқда; жумладан – Galaxy A31 куни кеча Geekbench сервисида текшириб кўрилган. Бу смартфон якка ядроли тестда 349 балл, кўп ядроли имтиҳонда эса 1291 балл олишга эришган:

Бу ерда, бенчмарк тести натижаларидан ташқари, смартфоннинг техник хусусиятлари ҳам эътиборга лойиқ. Samsung ушбу моделида ўзининг Exynos процессорларини эмас, балки тайванлик чипсоз – MediaTek компаниясининг маҳсулотини қўллабди. Аниқроғи, бу – дастлаб Helio P65 деб аталган, кейинроқ Helio G70 номини олган илғор чипсетдир.

ЎҚИНГ: Galaxy A41 бенчмаркда: Samsung уни арзон қилиш учун кутилмаган ишга қўл урибди!

Айтиш керакки, 12 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган Helio G70 процессори иккита Cortex-A75 ҳамда олтита Cortex-A55 ядроларини, шунингдек, Mali-G52 MC2 график тезлатгичини ўзида жамлаган. AnTuTu тестлари натижаларига таянадиган бўлсак, мазкур чипсет Galaxy A51 смартфонида қўлланган Exynos 9611 процессоридан салкам бир ярим бараварга тезкор! Яъни, нисбатан «кичик» ҳисобланувчи Galaxy A31 модели ўзининг «оға»си – компаниянинг оммабоп Galaxy A51 смартфонидан ҳам кучли бўлишини кутишимиз мумкин.

Фақат бир томони харидорларни иккилантириши эҳтимоли бор: MediaTek процессорлари айрим жиҳатларига кўра рақобатчиларнинг ечимларига нисбатан пастроқ юради. Масалан, улар оригиналидан ташқари – фойдаланувчилар ишлаб чиққан норасмий (кастом) прошивкаларни қўллаб-қувватламайди. Айнан шу сабабли ҳам Helio G90T чипсети базасига қурилган Redmi Note 8 Pro смартфони кастом прошивка ўрнатиб кўрилганида «ғиштга айланиб» қолган.

Нима бўлганда ҳам, Galaxy A31 тақдимотини ва фойдаланувчилар қўлига етиб келишини кутамиз.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли Galaxy A21 сурати чиқди: Infinity-O дисплей, тўртталик камера...

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!