Galaxy A40s ҳам намойиш этилди: 6,4 дюймлик, «бели бақувват» смартфон!

  •   DiMaX
  •  2654
  •  19.04.2019 18:42

Galaxy A40s ҳам намойиш этилди: 6,4 дюймлик, «бели бақувват» смартфон!

Samsung компанияси куни кеча Galaxy A60 моделини расман намойиш қилгани ҳақида хабар бергандик. Бундан ташқари у ҳамёнбоп туркумидаги яна бир – Galaxy A40s смартфонини ҳам тақдим қилган.

ЎҚИНГ: Galaxy A60 намойиш қилинди: NFC, «гапирувчи» ва «тешик» экран, 32 МПлик иккита камера ва ўртача нарх!

Galaxy A40s смартфони шу йилнинг февралида чиққан Galaxy M30 моделига жуда ўхшаш бўлиб, Super AMOLED экранининг ўлчами ҳам уникидек – 6,4 дюймлик. Лекин, гарчи Galaxy A туркумига мансуб бўлса-да, негадир янги моделда дисплейнинг тасвир аниқлиги пастроқ – HD+ форматида (1560х720 пикселлик).

Смартфоннинг техник таъминоти асосини Samsung’нинг ўз ишланмаси – Exynos 7904 процессори ташкил этади. Унинг жамланмасига максимал 1,8 ГГц такт частотали саккизта ядро ҳамда Mali-G71 MP2 график тезлатгичи киради. Тезкор хотирасининг ҳажми 6 гигабайт, доимий хотираси эса 64 гигабайтлик бўлиб, яна microSD учун слот ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: DxOMark рейтингида Galaxy S10 5G камералари биринчи ўринларни олиб, видео бўйича рекорд ўрнатди!

Galaxy A40s моделининг Infinity-U дисплейи «кемтиги»да 16 мегапикселлик, f/2,0 диафрагмали селфи-камера жойлашган. Орқа панелдаги бош камера эса 13+5+5 мегапикселлик оптик сенсорларни ва фоточақноқни ўзида бирлаштиради. Бармоқ изи сканери ҳам орқа қопқоқдан ўрин олган.

Смартфон Wi-Fi 802.11 b/g/n ҳамда Bluetooth 5 адаптерлари, GPS/ГЛОНАСС приёмниги билан таъминланган. Ўлчами 158,4х74,9х7,4 миллиметрга, вазни эса 174 граммга тенг. Galaxy A40s «бели бақувват», яъни аккумулятори нақ 5000 мА/соатлик бўлиб, 15 ваттлик технология бўйича тезкор қувватлана олади. Қурилмага Samsung One UI график интерфейси остидаги Android 9.0 (Pie) операцион тизими ўрнатилган. Уни яқин орада Хитойда 1999 юан, яъни тахминан 225 АҚШ долларига тенг нархда сотувга чиқади.

ЎҚИНГ: Навбатдаги ҳамёнбоп – Galaxy A35 (ёки Galaxy A30e) смартфони рекорд даражали аккумуляторга эга!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!