Galaxy A5 (2017) – флагманни дуэлга чорлаган ўртанча ботир

Galaxy A5 (2017) – флагманни дуэлга чорлаган ўртанча ботир

Хабарингиз бор: шу ойнинг бошида Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Galaxy A сериясидаги смартфонларнинг учинчи авлодини намойиш қилди. Таъкидлаш лозим, ушбу сериядаги моделлар чин маънода кўплаб фойдаланувчиларга маъқул бўлган. Аввалига 2015 йилда металл корпус ва бироз оддий техник параметрлари билан чиқарилган А сериясидаги смартфонлар, орадан икки йил ўтиб деярли флагманларга хос барча хусусиятлар билан таъминланди. Аввалроқ сайтимизнинг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида жонли эфир орқали ушбу сериядаги моделлардан бири – Galaxy A5 (2017)  билан қисқа танишув ўтказган эдик. Тўғрисини айтганда, мазкур модель кўпчиликда яхши таассурот қолдира олади. Янги моделнинг имкониятлари ҳақида батафсилроқ тасаввурга эга бўлиш учун уни аввалги йилларда тақдим этилган аввалги Galaxy A5 смартфонлари билан солиштириб кўрамиз.

Параметр  Galaxy A5 (2015) Galaxy A5 (2016) Galaxy A5 (2017)
Дизайн      Металл корпус Металл рамка + 2.5D шиша Металл рамка + 2.5D
Экран 5.0 дюйм, SuperAMOLED, HD (294 ppi) 5.2 дюйм, SuperAMOLED, FullHD (424 ppi) 5.2 дюйм, SuperAMOLED, FullHD (424 ppi)
Камералар 13/5 МП (f=2.0) + LED 13/5 МП (f=1.9) + LED 16/16 МП (f=1.9) + LED
Чипсет Qualcomm MSM8916 Snapdragon 410 (4 ядроли) Qualcomm Snapdragon 615
Exynos 7580  (саккиз ядроли)
Exynos 7880 (саккиз ядроли)
Хотира 2/16 ГБ + microSD 2/16 ГБ + microSD 3/32 ГБ + microSD
Аккумулятор 2300 мА/c 2900 мА/c 3000 мА/c
Бармоқ изи сканери ЙЎҚ БОР БОР
IP68 ЙЎҚ ЙЎҚ БОР
Габаритлари 139.3 x 69.7 x 6.7 мм 144.8 x 71 x 7.3 мм 146.1 x 71.4 x 7.9 мм

Дизайн ва корпус

Ташқи томондан Galaxy A5 (2017) аввалги А5 смартфонларидан кескин фарқ қилади. Модель кўпроқ Galaxy S7 ва Galaxy J5 моделларини ёдга солади. Орқа панель қайирма 3D шишадан, тўрт томондаги рамка эса металлдан ясалган. Samsung логотипи ҳар доимгидай орқа ва олд панелда жойлашган, асосий камера корпус билан бир текис қилиб ўрнатилган бўлса-да, бироз оддий кўринади. Камеранинг чап тарафида LED-чақноқ жойланган. nanoSIM- + microSD слот юқорида, фақат битта nanoSIM-картага мўлжалланган слот ва овоз баландлигини созлайдиган тугмалар чап ёнга ўрнатилган.

Наушник ва USB Type-C уялари корпуснинг қуйи қисмидан ўрин олган. Samsung ушбу сериядаги янги смартфонларда анъанавий USB уядан воз кечиб, USB Type-C стандартини қўллади. Бу қурилмани тезроқ зарядлаш ва файллар янада юқори тезликда алмашиш имкониятини беради.

Яқинлик ва ёруғлик сенсорини экран устида, олд камера ва микрофон атрофида топасиз. Экран остида эса анъанавий Home тугмаси (бармоқ изи сканери созланган), унинг икки ёнида эса сенсорли тугмалар ўрин олган.

Қурилма IP68 стандарти билан ҳимояланган. Яъни қурилмани 1,5 метргача бўлган чуқурликдаги сув ҳавзаларида ярим соатгача “жон сақлаши” мумкин.

Экран

Galaxy A5 (2017)  дисплей борасида 2016 йил чиқарилган версиядан кўп фарқ қилмайди. Ўлчам (5,2 дюйм), матрица (Super AMOLED), аниқлик формати (Full HD) ва ҳатто бир дюйм майдонга тўғри келадиган пикселлар сони (424 ppi) ҳам бир хил. Умуман олганда, бу йўналишда катта ўзгаришларни кутмаса ҳам бўларди. Боиси, Super AMOLED айни вақтда бозорда мавжуд энг сифатли матрица ҳисобланади, аниқлик формати ва пикселлар зичлиги ҳам маромида. Бундан ортиғини одамнинг кўзи фарқлаши қийин.

   

Қўшимча имкониятлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу смартфон экранигага Galaxy Note 7 моделида илк бор тақдим қилинган “Кўк нур фильтри” номли функция қўлланган. Бу кўзга зарар етказадиган кўк нурларни фильтрлашга ёрдам беради.

  

Энг муҳими, гаджет флагманларга хос Always On Display функцияси билан қувватланган. Сиз ушбу функцияга эга моделларда вақт,  календар ёки бошқа тафсилотларни телефон экранини блокдан чиқармасдан кўришингиз мумкин бўлади.

  

Ёрқинликни автоматик созлаш хусусияти ҳам кўзда тутилган.

Камералар

Янги Galaxy A5 камералари аввалги моделларга, умуман бозордаги бошқа мавжуд смартфонларга қараганда бир мунча кучайтирилган. Бу гал Samsung селфиманлар сонининг ошиб бораётганини ҳисобга олиб, олд камерани ҳам асосий камераларга хос сенсор билан жиҳозлади. Қурилмага иккита бир хиз аниқлик сенсори (16 МП) ва апертурага эга (f=1.9) камера ўрнатилган. HDR режими қўллаб-қувватланади. Камера экранини суриш орқали 8 та фильтрларни кўришингиз мумкин. Худди шунча миқдордаги фильтрларни селфига ҳам қўллаш мумкин.

  

Иккала камерада видео ёзиш учун максимал формат – Full HD (1920 х 1080).

Энг қизиғи камера созламаларида исталган жойга ўрнатиладиган камера тугмасини ёқиш мумкин. Бу, айниқса, расмга олаётганда қулайлик беради. Шу билан бирга, овозни созлаш тугмалари ёки шунчаки экранга бармоқни теккизган ҳолда расмга олиш имкониятлари татбиқ этилган.

Камерада олинган мисоллар:

Дастур ва коммуникация

Бизга тавсиф учун берилган Galaxy A5 (2017) Android 6.0.1 дастурида ишлар экан. Агар компаниянинг 2016 йилда чиқарилган флагманларига ҳали Android Nougat чиқарилмаганини ҳисобга олсак, катта эҳтимол билан янги А5 Android Marshmallow версияси билан сотувга чиқади. Унинг тез орада сўнгги Android версиясига янгиланишига шубҳа йўқ.

Аввалги А5 смартфонлари сингари қурилма LTE стандартини ҳам қўллаб-қувватлайди. Табиийки, NFC, икки диапазонли Wi-Fi 802.11, Wi-Fi Direct ва Bluetooth интерфейслари кўзда тутилган. FM-радио модули сақлаб қолинган. GPS/GLONASS тизимларини қўллаб қувватлайди. Бир вақтда иккита SIM-карта ва битта microSD хотира ўрнатиш имконияти мавжуд.

Процессор ва хотира

Бу галги А серияларда Samsung негадир Qualcoom Snapdragon процессорларидан фойдаланмасликка қарор қилди. Янги А5 модели саккиз ядроли Exynos 7880 процессорида ишлайди. Чипсетнинг такт частотаси 1,9 ГГц, унга тасвирни қайта ишлашга хизмат қиладиган Mali-T830MP2 график процессори созланган. Гарчи гаджет қониқарли даражад ишласа-да, Antutu бенчмаркидаги натижалар ўрта сегментдаги смартфонларга хос: жами 60391 балл

Хотира борасида янги А5 аввалги версияларга қараганда анча такомиллашган. Оператив хотира 3 ГБ (бу анча илғор ўйинларни ўйнашга ҳам имкон беради), доимий хотира сиғими эса – 32 ГБ. Бироқ ички файллар ва тизим хотиранинг муайян қисмини банд қилади ҳар доимгидек.

  

MicroSD слотига 256 ГБгача бўлган хотира карталарини ўрнатиш мумкин (GSM Arena маълумотига кўра). Қўшимча тарзда фойдаланувчиларга Samsung Cloud серверидан 15 ГБ булут хотира тақдим этилади.

Батарея

Янги А5 сиғими 3000 мА/соат бўлган батарея билан жиҳозланган. Батарея борасида ўзгаришлар у қадар ижобий эмас, сабаби ўтган йили тақдим қилинган А5 (2016) смартфонига 2900 мА/соатли батарея ўрнатилган эди. Бироқ дастурдаги оптимизацияни ҳисобга оладиган бўлсак, қурилманинг қуввати анча кўпроққа етиши мумкин. Ҳар ҳолда смартфондан 3-4 кун фойдаланиш жараёнида шунга гувоҳ бўлдик. Тўлиқ батарея заряди кун давомида интернет, камера, графика ва коммуникация функцияларини самарали қўллаш имкониятини беради.

Моделнинг бу борадаги ишлаш хусусияти Galaxy S7 ва S7 Edge смартфонларига анча яқин. Бундан ташқари, USB Type-C стандарти қурилмани сезиларли даражада оз фурсатда зарядлашга ёрдам беради. Модель тезкор зарядлаш (Fast Charging) функциясини қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун бу борада ҳеч қандай муаммога дуч келмайсиз. Дастурда батарея қувватини тежаш учун иккита (оддий ва максимум) режимлар кўзда тутилган.

Қўшимча имкониятлар

Қурилма орқали Samsung Pay тўлов тизимидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун моделга ушбу сервисга тегишли илова ҳам кўзда тутилган. Бироқ Ўзбекистонда ушбу сервис ишламайди, шунинг учун унинг борлиги биз учун катта аҳамиятга эга эмас.

Мавзуларни қўллаш имконияти мавжуд. Бу функция тўлақонли тарзда ўтган йилги А серияда ишлашни бошлаган. Бу галги А серияларда ҳатто Always on Display панелига ҳам турли мавзуларни қўллаш функция ҳам кўзда тутилиши мумкин. Аммо ҳозирча қўлимиздаги янги А5 моделида бунга гувоҳ бўлмадик.

  

Шунингдек, Samsung Members, S Health, Samsung Notes каби жорий ва янги хизматлар ҳам мавжуд. Бизга берилган қурилмада тартибланган Samsung ва Google`га қарашли иловалардан ташқари, Microsoft илова/сервислари (Word, Excel, Power Point Skype), Яндекс ва Facebook иловалари прошивкага олдиндан ўрнатилган экан. Умуман олганда, турли сервисларга қарашли иловаларни олдиндан телефонга ўрнатган ҳолда сотувга чиқаришда фойдаланувчи учун ҳеч қандай наф йўқ. Кўп ҳолларда улар эскирган ҳолатда бўлади ва янгилашни талаб қилади, энг ёмони, бундай иловалар қурилма хотирасини банд этади.

Ўйлаймизки, Samsung бу жиҳатларни келажакда ҳисобга олади.

Хулоса

Samsung янги А сериялар устида анча тер тўккани кўриниб турибди. Шунинг боис бўлса керак моделлар сезиларли даражада сериядаги аввалги моделларга қараганда такомиллашган. Айниқса, сериядаги барча янги смартфонлар IP68 стандарти билан сув ва чангдан ҳимояланиши, уларга флагманларга хос баъзи хусусиятларнинг қўлланиши (Always On Display, дизайн, камера), ушбу қурилмаларнинг харидоргир бўлиши таъминлайди.

Шу билан бирга, бутунлай янги интерфейс, коммуникация имкониятлари ҳам маромида. Қисқа қилиб айтганда, фойдаланувчи учун зарур барча функциялар кўзда тутилган. Бироқ, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, модель нархи ушбу сегментдаги (“ўрта нархдаги”) бошқа ишлаб чиқарувчиларга қарашли смартфонларга нисбатан қимматроқ. Бу эса танлов жараёнида таъсир қилиши мумкин.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

BMBOX $335 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.