Galaxy A71 тақдим этилди: процессори кучли, ўзи катта, юпқа ва енгил смартфон

  •   DiMaX
  •  2665
  •  13.12.2019 10:03

Galaxy A71 тақдим этилди: процессори кучли, ўзи катта, юпқа ва енгил смартфон

Жанубий кореялик техногигант кеча – 12 декабрь куни Galaxy A51 смартфонини намойиш этганди. Шу билан бирга, у яна Galaxy A71 моделини ҳам тақдим қилди.

ЎҚИНГ: Samsung учта арзонлаштирилган смартфонини эртароқ чиқаряпти

Galaxy A71 ўзининг «аждод»и – Galaxy A70 моделидан сезиларли даражада кучли ишланган. Булардан биринчисида Snapdragon 675 процессори қўлланган бўлса, янги смартфон анча бақувват Snapdragon 730 чипсетига асосланган.

Тезкор хотира ҳажмига кўра 6 ва 8 гигабайтлик вариантларда чиқарилади, доимий хотира эса ҳар иккаласида ҳам бир хил – 128 гигабайтлик. Экран аввалги ўлчамида қолган – 6,7 дюймлик ва Full HD+ форматли, бироқ бу энди 32 мегапикселлик селфи-камера учун тирқишли, яъни Infinity-O панелдир.

Galaxy A71 бош камерасида асосий модул сифатида 64 мегапикселлик сенсор танланган. Қолган датчиклари худди Galaxy A51 моделидаги сингари – 12 МПлик кенг бурчакли, 5 МПлик чуқурлик сенсори ва 5 МПлик макрокамера.

ЎҚИНГ: Samsung компанияси 108 МПлик камера борасида Xiaomi’ни боплаган экан!

Янги смартфон аккумулятори 4500 мА/соатлик бўлиб, 25 ваттлик технология асосида қувватлана олади. Корпус ўлчамлари 163,6х76х7,7 миллиметрга тенг бўлиб, 179 грамм тош босади; яъни Galaxy A71 катта, лекин юпқа ва бирмунча енгил чиққан.

Galaxy A71 ҳам Galaxy A51 каби, қора, оқ, кўк ва пушти корпусларда таклиф этилади. Samsung бу моделнинг нархини ҳамда сотувга чиқиш вақтини маълум қилмаган. Лекин Galaxy A70 (сотиб олиш) ўз вақтида тахминан 450 доллардан сотила бошлаганини ҳисобга олсак, Galaxy A71 ҳам шундан арзон бўлмайди; бу нарх билан унинг оммалашуви шубҳа остида.

ЎҚИНГ: Galaxy A51, A71, A81 ва A91 смартфонларининг нархлари маълум бўлди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.