Galaxy A80 тақдим этилди: айланувчи камера, янги Snapdragon 730 чипи ва... юқори нарх! (+видео)

  •   DiMaX
  •  4607
  •  11.04.2019 12:52

Galaxy A80 тақдим этилди: айланувчи камера, янги Snapdragon 730 чипи ва... юқори нарх! (+видео)

Samsung компанияси, кутилганидек, кеча – 10 апрелда ўзининг Galaxy A туркумидаги энг зўр смартфонини намойиш этди. Дастлабки хабарларда ушбу қурилма номи Galaxy A90 бўлиши айтилган эса-да, Galaxy A80 модели сифатида тақдим қилинди.

ЎҚИНГ: Навбатдаги «жонли» сурат Galaxy A90 (ёки Galaxy A80) смартфонининг яна бир жиҳатини фош этди

Янги девайс тақдимотида Samsung ҳозирги ёшлар орасидаги трендни «Жонли эфирлар эраси» деб атаган ва ушбу модели мазкур даврнинг етакчи смартфони бўлишини таъкидлаган.

Шундай қилиб, Galaxy A80 ҳақиқатан инновацион қурилма бўлган, айниқса – камераси. Аввало, у учта модулдан иборат бўлиб, асосий датчик аниқлиги 48 мегапикселликдир. Таъкидлаш керакки, Galaxy A туркумида бундай кучли оптик модулни Samsung илк бора шу моделда қўллаган. Ушбу сенсор F/2,0 диафрагмали объективга эга. Камеранинг 8 МПлик иккинчи модули 123 даражалик – ўта кенг бурчакли объектив билан жойланган. Учинчи датчиги эса уч ўлчамли 3D ToF-камера ҳисобланади.

Қолаверса, Galaxy A80 камераси шундай тузилганки, одатий ҳолида у бош камера сифатида хизмат қилади, аммо корпусдан кўтарилиб чиқувчи блок ёрдамида селфи олиш учун ҳам хизмат қилади.

Мана, буни қуйидаги видеода кўрамиз:

Мазкур камера «онгли» функциялар билан ҳам таъминланган: «Тасвирни оптималлаштириш», суратга олишнинг 30 хилгача турли саҳналарини қўллаб-қувватлаш, расмга туширишдан аввал «нуқсонларни аниқлаш»...

Хуллас, Galaxy A80 камераси профессионал DxOMark сервисида қанақа натижа кўрсатишини кутамиз – у камида селфи-камералар рейтингида етакчи бўлиши тайин.

ЎҚИНГ: DxOMark селфи-камераларни текшира бошлади: энг зўр 12 та селфифон билан танишинг!

Селфи-камера масаласи ўзгача ечим топгач, Samsung муҳандислари Galaxy A80 корпусининг олд юзасини деярли бутунлай дисплейга бағишлашган. Super AMOLED матрицали, 6,7 дюймлик дисплейнинг тасвир аниқлиги 2400х1080 пикселлик бўлиб, дактилоскоп ҳам бевосита унинг ўзига интеграция қилинган. Экран атрофидаги ҳошиялар ҳатто Galaxy S10 флагманидагидан ҳам юпқа – Samsung учун рекорд даражада!

Samsung Galaxy A80 модели шу куннинг ўзидагина расман эълон қилинган яп-янги чип – 8 нанометрлик Qualcomm Snapdragon 730 процессорига эга илк смартфондир. Унинг тезкор хотираси 8, доимий хотираси эса 128 гигабайтлик бўлиб, қўшимча хотира картаси учун жой ажратилмаган.

Корпус тузилишининг асосий ўзига хослиги – металл ром ҳамда унга ҳар икки томонидан бириктирилган шиша бўлиб, ўлчамлари 165,2х76,5х9,3 миллиметрга тенг. Унда қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик стандарт аудиотирқиш йўқ, лекин замонавий USB-C порти ҳамда контактсиз тўловлар учун NFC-чип мавжуд. Табиийки, ушбу смартфон Android 9.0 Pie операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди ва унга One UI интерфейси ўрнатилган.

Galaxy A80 симсиз қувватлаш технологиясига эга эмас, бироқ 3700 мА/соатлик аккумулятори ўз қувватлагичидан 25 ваттлик технологияда тезкор зарядлана олади. Samsung’нинг таъкидлашича, бу смартфон батарея қувватини сарфлашни «оқилона» тарзда оптимизация қила олади.

Samsung яқиндагина ўзининг ҳамёнбоп Galaxy J смартфонлар туркумини Galaxy A сериясига кўчирганини маълум қилганди. Аммо унинг ушбу смартфонини арзон деб бўлмайди, ҳаттоки ўрта нарли дейиш ҳам қийин. Galaxy A80’ни жанубий кореяликлар нақ 650 евродан бошланган нархларда бозорга чиқаришади! Лекин савдолар бир ярим ойдан сўнг – 29 майдан бошланади; уни қора, тилларанг ва кумушранг корпусларда таклиф этишади.

Бизнинг Terashop.uz интернет-дўконимизда эса 451 000 сўмдан бошланувчи турли русумлардаги Samsung телефонларини онлайн усулда сотиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Samsung ҳамёнбоп туркумидаги смартфонларини энди ишлаб чиқармайди! (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.