Galaxy J8 (2018): ҳамёнбоп смартфонлар бозорида кучли рақиб

Galaxy J8 (2018): ҳамёнбоп смартфонлар бозорида кучли рақиб

Samsung компанияси шу кунларда янги смартфон моделларини тақдим этиш режаси билан юрибди. Навбатдаги смартфонлар компаниянинг ҳамёнбоп смартфонлар бозоридаги ўрнини мустаҳкамлайди. Яқиндагина Geekbench бенчмаркида имтиҳондан ўтказилган янги смартфон модели фикримизни тасдиқлайди.

Galaxy J3 (2018) ҳамда Galaxy J6 (2018) мобил алоқа воситаларидан сўнг мазкур "Galaxy J" туркумида етакчи бўлиши кутилаётган Samsung Galaxy J8 (2018) интернет тармоғида кўриниш берди.

Geekbench маълумотларига кўра, Samsung Galaxy J8 (2018) модели Android Oreo операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Унинг аппарат таъминоти учун 8 ядроли Exynos 7870 процессори танланган. Мазкур чипсетнинг частота тезлиги 1,6 ГГц.ни ташкил қилади.

Смартфонга 3 гигабайтли тезкор хотира ўрнатилган.

Ҳозирча аниқланган хабарларга кўра, Galaxy J8 (2018) ромдан холи бўлган Super AMOLED-экрани билан рақибларидан устунлик қилади. Унинг экранлар томони 18,5:9 нисбатли ва 2240 га 1080 та пикселга (FHD+) тенг бўлади.

Смартфонда VoLTE овозли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайдиган 4G модеми, серҳашам металл корпус, қўш сенсорли бош камера бўлади. Бош камера орқа фонни ғира-шира қилиб олиш функцияси билан таъминланади. Шунингдек, камера сифатни сақлаган ҳолда оптик яқинлаштириш технологиясига эга бўлади.

Мобил алоқа воситаси USB Type-C порти ҳамда Fast Charge технологияси орқали тезкор қувват олади. Шунингдек, смартфонда Wi-Fi 802.11ac (2,4 ва 5 ГГц), Bluetooth 5.0 LE ҳамда контактсиз тўловлар учун NFC модуллари бўлади.

Samsung Galaxy J8 (2018) ўз "оиласи"да етакчи бўлади. Баъзи тасдиғини топмаган маълумотларга кўра, унинг корпуси IP68 гувоҳномаси бўйича сув ҳамда чангдан ҳимояланган бўлиши мумкин.

"Galaxy J" туркумининг ушбу ва бошқа моделлари шу йилнинг май-июнь ойларида бўлиши кутилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.