Galaxy M02 намойиш қилинди: тўлақонли Android 10 ва 5000 мАc батареяли смартфон – атиги 93 доллар!

  •   DiMaX
  •  1046
  •  02.02.2021 14:54

Galaxy M02 намойиш қилинди: тўлақонли Android 10 ва 5000 мАc батареяли смартфон – атиги 93 доллар!

Samsung Electronics компанияси куни кечагина бирданига бешта янги – арзон ва ҳамёнбоп смартфонлар ҳақида айрим маълумотларни ўз сайтларига чиқарган эди. Шулардан бири – Galaxy M02 моделини Ҳиндистонда тақдим қилди.

ЎҚИНГ: Энг кутилаётган Samsung смартфонини илк расмий суратда ҳар томонидан кўрамиз!

Йилнинг бошида чиққан яна бир – Galaxy M02s русумли смартфонига қараганда Samsung Galaxy M02 модели янада арзон. Шунга яраша, унинг техник хусусиятлари ҳам пастроқ, лекин «қиртишланган» Android Go эмас, балки тўлақонли Android 10 операцион тизимида ишлайди. Унинг устига компаниянинг Samsung One UI 2 график қобиғи ўрнатилган.

Galaxy M02 диагоналига 6,5 дюймлик Infinity-V дисплейга эга ва у HD+ форматида (1560х720 пикселлик аниқликда) тасвир узатади. Экраннинг томчисимон кемтигига 5 мегапикселлик селфи датчиги жойлаштирилган. Қурилманинг бош камераси эса қўшалоқ – 13 мегапикселлик асосий модул ҳамда 2 мегапикселлик макрокамерани ўз ичига олади.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, жаҳон смартфон бозорида Samsung’ни қувиб ўтишди!

Samsung бу гаджетини тўрт ядроли MediaTek MT6739W процессори базасида тайёрлаган. Уни тезкор хотираси 2 ва 3 гигабайтлик вариантларда таклиф этишади, ҳар иккала ҳолатда ҳам доимий хотираси 32 гигабайтлик. Шунингдек, унга бир терабайтгача ҳажмдаги microSD хотира картасини қўйиш мумкин. Смартфоннинг асосий афзалликларидан бири эса 5000 мА/соатлик аккумуляторидир.

Galaxy M02 иккита SIM-картада 4G VoLTE тармоғини қўллаб-қувватлайди, яна Wi-Fi (802.11 b/g/n), Bluetooth 5, GPS ҳамда ГЛОНАСС симсиз интерфейсларига эга. Унинг корпусида micro-USB порти ҳамда 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш бор, смартфонга FM-радио ҳам ўрнатилган.

Samsung бу маҳсулотининг Ҳиндистондаги савдосини 7 февралда бошлайди. Ўшанда уни 93 долларга тенг нархда олиш мумкин бўлади, кейин эса нархи озгина кўтарилиб, 95 долларга тенг бўлади. Яқинда компаниянинг Таиланддаги сайтида пайдо бўлганига қараганда, Galaxy M02 бошқа мамлакатлар бозорларига ҳам чиқиши керак, лекин вақти ҳозирча аниқ эмас.

ЎҚИНГ: Galaxy A02 чиқди – атиги 100 долларга қўш камерали «автономлик монстри»!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.