Galaxy M12 тақдим этилди: аккумулятори иккита iPhone 12 Pro’никига тенг!

  •   DiMaX
  •  4787
  •  06.02.2021 10:08

Galaxy M12 тақдим этилди: аккумулятори иккита iPhone 12 Pro’никига тенг!

Samsung навбатдаги «автономлик монстри» – ҳамёнбоп Galaxy M12 смартфонини аллақачон ишлаб чиқара бошлагани ҳақида ёзган эдик. Бунгача эса квадрокамерали ушбу қурилма Geekbench синовида ҳам кўриниш берган.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy A42 5G'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Компания ушбу моделини намойиш қилди; аниқроғи – бунинг учун махсус тадбир уюштирмасдан, қурилманинг барча хусусиятларини Вьетнамдаги сайтига чиқарди.

Samsung Galaxy M12 смартфонининг асосий афзаллиги – 15 ваттлик тезкор қувватлана олувчи аккумуляторидир. Унинг ток сиғими 6000 мА/соатни ташкил этади; тўла тасаввур қилиш учун солиштирсак, бу иккита iPhone 12 Pro батареясининг ток сиғимини қўшгандагидан ҳам ортиқ кўрсаткич. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, қурилманинг автономлиги телефонда сўзлашув (4G LTE) режимида нақ 58 соатга боради. Ушбу смартфон аккумулятори 4G LTE ёки Wi-Fi орқали узлуксиз 24 соат интернет кезишга етади. Унда тўхтатмасдан 23 соат видео кўриш ёки 110 соат мусиқа тинглаш мумкин!

Гаджетнинг бош камераси тўртталик:48 МПлик асосий модул, 5 МПлик ўта кенг бурчакли (123 даражали) сенсор, шунингдек портретлар ва макросъёмка учун ҳар бири 2 МПлик иккита датчик. Бу смартфон камераси сониясига 30 кадрлик частотада Full HD форматли видео ёзиб олишга ярайди.

ЎҚИНГ: Galaxy M02 намойиш қилинди: тўлақонли Android 10 ва 5000 мАc батареяли смартфон – атиги 93 доллар!

Galaxy M12 диагоналига 6,5 дюймлик дисплей билан таъминланган; унинг тасвир узатиши HD+ форматида (1600х720 пикселлик). Экраннинг томчисимон кемтигида селфи учун 8 мегапикселлик олд камера сенсори жойлашган.

Samsung бу қурилмасида бармоқ изи сканерини корпуснинг ўнг қиррасига жойлаштирган. Унинг ўлчамлари 164х75,9х9,7 миллиметрга, вазни эса 221 граммга тенг. Корпусида замонавий USB Type-C порти ҳамда анъанавий 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши мавжуд. Унда бир вақтнинг ўзида иккита SIM-карта билан бирга бир терабайтгача ҳажмли microSD-карта ҳам ўрнатиш мумкин бўлган слот мавжуд.

ЎҚИНГ: Samsung сайтига бирданига бешта янги – арзон ва ҳамёнбоп смартфонлар чиқди!

Galaxy M12 максимал такт частотаси 2 ГГц. бўлган саккиз ядроли Exynos 850 процессори базасида тайёрланган. Уни тезкор хотираси 3, 4 ёки 6 гигабайтлик, доимий хотираси эса 32, 64 ҳамда 128 гигабайтлик вариантларда ишлаб чиқаришади.

Смартфон қадоқданоқ Android 11 операцион тизим устига қурилган One UI 3 график қобиғи билан тақдим этилмоқда. Унда симсиз интерфейслардан 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 b/g/n), Bluetooth 5, GPS ҳамда ГЛОНАСС мавжуд.

Galaxy M12 моделини уч хил рангдаги, орқа панели салгина рельефли (ғадир-будур) корпусда таклиф этишади. Унинг ҳозирча маълум бўлмаган жиҳатлари эса нархи ҳамда бозорга қачон чиқишидир.

ЎҚИНГ: Samsung атиги 340 долларга Android 11, флагман процессор ва 7000 мАс батареяли камерофон чиқаряпти

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!