Galaxy Note 8'гача бир кун қолганда нарх ва жиҳатлар маълум бўлди

Galaxy Note 8'гача бир кун қолганда нарх ва жиҳатлар маълум бўлди

Samsung компанияси навбатдаги флагман смартфони -- Galaxy Note 8'нинг тақдимотига оз фурсат қолгани сайин унинг рекламасини кучайтирмоқда. Тақдимот эртага -- 23 август куни Нью-Йоркда бўлиб ўтади. Компаниянинг расмий  Samsung Mobile Korea канали 2 та янги реклама видеороликини намойиш қилди.

Биринчи роликда Samsung Galaxy Note 8'нинг қўш сенсорли бош камера имкониятлари акс эттирилган. Жумладан, бош камера объектнинг орқа ва ён томонларига бадиий фон эффектини бера олади, шунингдек яқинлаштириш асосида суратга олади. Samsung Galaxy Note 8'нинг қўш сенсорли бош камерасидаги асосий сенсор рангли фотомодул бўлиб, унинг сиғими 12 Мп ҳамда бу сенсор Dual Pixel автофокуслаш тизими билан таъминланади. Қўшимча модул эса 13 мегапикселли ва телеобъектив вазифасини бажаради, яъни манзара сифатини сақлаб қолган ҳолда объектни 2 карра оптик усулда яқинлаштиради. Ҳар иккала модулга ҳам оптик барқарорлаштириш тизимининг ўрнатилгани диққатга сазовор.

Иккинчи реклама ролигида эса Samsung Galaxy Note 8'нинг бўлажак фойдаланувчиларига яратилажак қулайликлар, жумладан S-Pen электрон пероси имкониятлари ҳақида сўз боради.  S-Pen ёрдамида ёзиб қолдирилган қайдномаларни GIF форматидаги анимацион суратлар шаклида сақлаш, экран ўчиқ пайтда ҳам уларни дисплейнинг мунтазам фаол қисмида кўриш мумкин бўлади.  

Қуйидаги суратда iPhone 8 ва Galaxy Note 8 тасвирланган.

Galaxy Note 8 диагонали 6,3 дюймли Super AMOLED матрицали, Infinity Display дизайнидаги, 2960 × 1440 пикселли экран, Qualcomm Snapdragon 835 (ёки Samsung Exynos 9 Series 8895) процессорига, 8 Мп селфи-камера, 3300 мА·соат аккумулятор, Bluetooth 5.0 LE ва бош инновацион жиҳатларга эга бўлади.

Samsung Galaxy Note 8 фаблетига буюртмалар 24 августдан бошлаб олинади. Савдо эса 15 сентябрдан бошланади. Маълумотларга кўра, янги модел компания тарихидаги энг қиммат мобил алоқа воситаси бўлади. Хитойда унинг 6 ГБ тезкор ва 64 ГБ ички флэш-хотирага эга талқини $941 доллардан сотувга чиқарилади. Шунингдек, 6 гигабайтли тезкор ва 256 Гб доимий хотира талқини $1200 доллардан сотувга чиқади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!