Galaxy Note 9'нинг жаҳон бозорларидаги нархи -- даҳшат!

Galaxy Note 9'нинг жаҳон бозорларидаги нархи -- даҳшат!

Жанубий Кореянинг Samsung корпорацияси маҳсулотлар нарх-навосини белгилашда ҳеч қачон харидорларга ён босмаган. Айниқса. компания жамоатчилик эътиборига кучли флагманларни тақдим қилар экан, "олсанг ҳам, олмасанг ҳам - шу" деган тамойилга суянади. Apple корпорацияси билан ким қиммат флагманни тақдим этиш баҳсига бир муддат аввал Huawei ҳам қўшилди.

Жорий йилнинг 9 августида тақдимоти кутилаётан Samsung Galaxy Note 9 флагман телефони ҳам нархи билан компания мухлисларини хурсанд қилмайди.

Кеча, яъни 30 июлда Жанубий Кореядаги йирик смартфон етказиб берувчилардан бири бўлган компания Samsung Galaxy Note 9 фаблетининг маҳаллий бозордаги баҳосини эълон қилди. Маълум бўлишича, Samsung Galaxy Note 9 флагмани икки талқинда сотувга чиқарилади. Унинг энг арзони $977 АҚШ долларидан, энг қиммати эса $1210 АҚШ долларидан сотилади. Бу нарх-наво маҳаллий бозор учун эканини ҳисобга олсак, девайснинг халқаро бозорда $1500 АҚШ долларигача сотилишини ҳозирданоқ тахмин қилиш мумкин. Девайснинг энг арзонини айнан Жанубий Кореяда харид қилиш мумкин.

GizChina нашри ўзининг ишончли манбасига таяниб хабар беришича, Samsung компанияси бу йил Европада Galaxy Note 9 "рекорд нарх"ни белгилайди. Фаблетнинг 128 гигабайтли доимий хотирага эга бўладиган қуйи талқини жаҳон бозорида $1230 доллардан, 512 гигабайтли доимий хотирага эга юқори талқин эса $1460 доллардан сотилади.

Ушбу телефон аппарати биз билган илғор жиҳатларга эга бўлиш баробарида, бозордаги энг қиммат смартфонлардан бири бўлади. Гарчи, унинг бармоқ изи сканери экранга жойлаштирилмаса ёки девайс учта сенсорли бош камерага эга бўлмаса ҳам, гаджет баҳосини белгилашда компаниянинг "иштаҳаси карнай"!

Samsung Galaxy Note 9 янада илғор "S Pen" қаламчасига эга бўлади. Унинг бош камераси қўш сенсорли, корпусининг орқасида бармоқ изи сканери ҳам бор, қуйида эса симметрик дизайнда USB type-C порти ҳамда аудио қулоқчинлар учун анъанавий туйнук мавжуд.

Шу кунга қадар олинган хабарларда қайд этилишича, фаблетда Exynos 9 Series 9810 ёки Qualcomm Snapdragon 845 процессори, 6,4 дюймли дисплей (2960 × 1440 пикселли) экран ҳамда ток сиғими 4000 мА·соат бўлган аккумулятор батарея бўлади. Фойдаланувчилар янги авлод Bixby 2.0 овозли ёрдамчиси билан мулоқотда телефондан янада самарали фойдаланишлари мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!