Galaxy Note 9 қимматлашмайди, Note 8 баҳосида сотилади

Galaxy Note 9 қимматлашмайди, Note 8 баҳосида сотилади

Шу кунларда Galaxy Note 9 нарх-навоси смартфон саноатидаги муҳим мавзулардан бири бўлиб турибди. Бир ёқдан ишлаб чиқарувчининг қиммат смартфонлари савдоси тушиб кетган, бошқа томондан эса янги девайсларнинг аввалги моделларидан фарқи катта эмас. Жумладан, Galaxy Note 9 ҳам аввалги моделдан унчалик фарқ қилмайди. Шу сабабли ҳам янги фаблет нархида ўзгариш бўлмайди. Аниқроғи, Кореянинг ўзида. Бироқ, жаҳон смартфон бозорида ҳам нархдаги фарқ у қадар йирик бўлмайди.

Жанубий Кореянинг ETNews нашрининг маълум қилишича, Samsung янги фаблетни ўз юртида тақдим қилади. Galaxy Note 9’нинг нархи Кореяда 1,094,500 вон, яъни $975 доллардан бошланади. Гаджетнинг бошланғич модификацияси 128 Гб доимий хотирага эга бўлади. Эслатиб ўтамиз, Note 8 моделининг қуйи талқинида 64 гигабайт доимий хотира мавжуд.

Galaxy Note 9’нинг юқори талқини, яъни 512 гигабайтга эга талқини қимматроқ бўлади - 1,353,000 вон, яъни $1,200 доллар. Galaxy Note 8 моделининг юқори талқинига 256 гигабайтли доимий хотира ўрнатилган. Хотирадаги фарқ икки карра бўлса ҳам, бироқ нарх ўртасидаги фарқ унчалик катта бўлмайди.

Samsung’нинг нарх борасида ён беришини тушуниш мумкин. Шу кунларда Galaxy S9 савдоси тушиб кетди, компания сўнгги ўн йилликда илк маротаба смартфон савдосида орқага юрди. Ўтган йили сотувга чиққан Galaxy Note 8 баҳоси ҳозирги бозор учун ҳам қимматлик қилади. Шунинг учун компания Galaxy Note 9 моделини ҳам шу нархда савдога чиқарса, ҳеч нарса ютқазмайди.

Фаблетда Exynos 9 Series 9810 ёки Qualcomm Snapdragon 845 процессори, 6,4 дюймли дисплей (2960 × 1440 пикселли) экран ҳамда ток сиғими 4000 мА·соат бўлган аккумулятор батарея бўлади. Фойдаланувчилар янги авлод Bixby 2.0 овозли ёрдамчиси билан мулоқотда телефондан янада самарали фойдаланишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Samsung Electronics компанияси Galaxy Note 8 смартфонини 2017 йилнинг сентябрида халқаро кўламда сотишни бошлаган эди. Унинг энг арзони 950 АҚШ долларига баҳоланган.