Galaxy Note 9 тақдим қилинди: Samsung'нинг энг кучли ва қиммат смартфони

Galaxy Note 9 тақдим қилинди: Samsung'нинг энг кучли ва қиммат смартфони

Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Нью Йорк шаҳрида Galaxy Unpacked тақдимотини ўтказди. Унда Samsung Galaxy Note 9 фаблети ҳамда Galaxy Watch соати тақдим қилинди.

Анъанага кўра саҳнага бир неча йиллардан буён Samsung компаниясининг Мобил бўлинмасига бошлчилик қилиб келаётган Dj Koh чиқиб келди. Унинг фикрича, фойдаланувчиларга янги рақамли амалиётларни тақдим этишда Samsung компаниясининг олдига тушадиган ишлаб чиқарувчи йўқ. Samsung "сунъий ақл", "интернет буюмлар", "тўлдирилган воқелик", "ақлли телевизор"дан тортиб, иловаларгача энг яхши технологик имкониятларни яратиб бермоқда.

Тақдимотда Galaxy Note 9 фаблетига оид тақдим этилган илк жиҳат - аккумулятор сиғими бўлди. Девайснинг "қувват тоши" 4000 мА соат. Уни симли ёки симсиз қувватлаш мумкин. Galaxy Note 8 модели 3300 миллиампер соат "қувват тоши"га эга бўлган эди. Бу қувват билан смартфон бир кун давомида беминнат ва фаол хизмат қилади.

Иккинчи бўлиб, эътибор қаратилган жиҳат - доимий хотира бўлди. Смартфондаги доимий хотира 512 Гб. Бу талқиндаги оператив хотира сиғими 8 Гб. Шунингдек, қўшимча хотира бўлмачаси ҳам 512 Гб сиғимли хотира картасини қўллаб-қувватлайди. Натижада доимий хотира 1 терабайтга етади. Шунингдек, 6/128 Гб хотирага эга талқин ҳам ишлаб чиқарилади.

Фаблетнинг халқаро талқини Exynos 9810 ва АҚШ га мўлжалланган талқин Snapdragon 845 чипида ишлайди. Galaxy S9 ҳам шу чипларга эга бўлган. Компания процессорни салқин ушлаб туриш учун углерод қувурли суюқлик айланиш тизимини жорий қилган.

Тақдимотда айтилишича, Galaxy Note 9 эга бўлган процессор 10 нанометрли технология бўйича ишлайди ҳамда ундаги самарадорлик Galaxy Note 8 моделига нисбатан 33% га юқори.

Note 8 "меросхўри" силлиқ корпус ва қайрилма ёнларга эга бўлган. Ундаги 6.4 дюймли AMOLED экран аниқлиги QHD+ (2960x1440 пикселли). Дисплей ости ва юқорисида юпқа виртуал ҳошиялар мавжуд.

Бир қарашда у Galaxy Note 8 моделига ўхшаса ҳам, орқа панелда фарқлар мавжуд: қўш объективли камера LED фоточақноқ билан ётиқ шаклда жойлаштирилган ҳамда камера остида бармоқ изи сканери мавжуд. Ниҳоят, сканер қулай жойини топибди. Samsung Galaxy Note 8 моделида камера ёнидаги сканер бир оз ноқулай эди.

Тақдимот Galaxy Note 9 камерасига оид маълумотлар билан давом этди. AI, яъни "сунъий ақл" янги авлод камераларнинг имкониятини оширган. Тақдимотда ҳам "ақлли камера" атамасидан фойдаланилди.

Бош камера қўш - 12 MP (f/1.5-f/2.4) + 12 MP (f/2.4), яъни Samsung Galaxy S9+ эга бўлган сенсорлар билан таъминланган. Олд камера аниқлиги 8 Mп ва автофокус тизими билан таъминланган. Бош камерадаги секинлаштирилган видео ёзиш функцияси янада яхшиланган.

Бош камерадаги сенсорнинг ёруғлик тақсимотига масъул диафрагма ёруғлик яхши шароитда f/1,5, тунда эса кўпроқ ёруғлик тўплаш учун f/2,4 стандартида фаолият кўрсатади.

Энди стилус, яъни "S-Pen" рақамли қаламчаси ёрдамида смартфонга тегмасдан утриб суратлар олиш мумкин. Яъни, Bluetooth ёрдамида қаламча камерани масофадан бошқариш воситасига айланади. Қолаверса, тақдимотларни ҳам шу восита орқали бошқариш мумкин.

Янги авлод S-Pen қаламчаси табиий ёзиш, фойдаланувчидаги ижодий қобилиятни юзага чиқаришга хизмат қилувчи аксессуарга айланди. Бу қурилма ўзининг шахсий аккумуляторига эга бўлган ва бор-йўғи бир дақиқа ичида қувват олиши билан аҳамиятли. Қаламча ёрдамида YouTube видеоларни намойишини бошлаш ёки тўхтатиш мумкин.

Компания ишлаб чиқарган янги ва чўнтакда олиб юриш мумкин бўлган ихчам HDMI адаптер орқали фаблетни монитор ёки телевизорга улаш ҳамда девайсдаги маълумотларни бошқариш мумкин. Авваллари бунинг учун DeX қурилмаси керак бўлар эди.

Note 9 энди нафақат самарадор қурилма, балки кучли ўйин смартфони ҳам. Мобил ўйинлари билан машҳур Fortnite компанияси илк маротаба Андроид тизими учун ўйинни тақдим қилди. Виртуал ўйин учун махсус "Galaxy skin" кийими ишлаб чиқарилган. Айниқса, смартфондаги AKG стереодинамиклари овозни янада баланд ва мириқиб тинглашга хизмат қилади.

Galaxy Note 9 янги технологик дисплей, янада жозибадор юпқа ром, орқа панел марказидан жой эгаллаган бармоқ изи сканери билан ўзига хос.

Фаблет "уммон тусли кўк" (Ocean Blue), лаванда тусли пушти (Lavender Purple), металл-мис (Metallic Copper) ҳамда қора (Midnight Black) рангли корпусларда ишлаб чиқарилади.

Тақдимотда Galaxy Note 9 Samsung компанияси шу вақтга қадар яратган энг кучли мобил телефони экани маълум қилинди. Унинг кўриниши ўтган йилги Note 8 моделидан фарқ қилмайди.

Смартфон қуйисида 3.5 мм ҳажмли аудио туйнук сақлаб қолинган.

Samsung Galaxy Note 9 чанг ва сувдан ҳимоя даражаси - IP68 стандартида. Девайс 1,5 метр сув тубида 30 минут "жон сақлайди". Смартфон Android 8.1 Oreo операцион тизимининг ўзлаштирилган талқини бошқарувида фаолият кўрсатади.

Samsung Galaxy Note 9 фаблети 2 та SIM-картали гаджет LTE Cat.18, Wi-Fi (802.11 a/b/g/n/ac), Bluetooth 5.0 (LE, 2 Мбит/с), ANT+, NFC, USB Type-C алоқа тармоғи ва портида ишлайди.

Samsung Galaxy Note 8 ўлчамлари: 161,9 x 76,4 x 8,8 мм, вазни — 201 грамм.

Galaxy Note 9 смартфони 24 августдан бошлаб, энг арзони $999 ва энг қиммат $1250 доллар баҳосида сотувга чиқарилади. Халқаро бозорда фаблет 1300 АҚШ долларидан сотилади.

Samsung Galaxy Note 9 Техник жиҳатлари:

Алоқа тармоқлари: GSM/GPRS/EDGE (900/1800/1900 МГц), WCDMA/HSPA (900/2100 МГц), FDD-LTE (1, 3, 7), TD-SCDMA (34, 39), TD-LTE (40);
Платформа (тақдимот вақтида): Android 8.1 Oreo, Samsung Experience прошивкаси;
Дисплей: 6,4”, 2960 х 1440 белги, 516 ppi, Super AMOLED, Always On, Gorilla Glass шишаси;
Бош камера: қўш сенсорли - 12 Мп, Dual Pixel, автофокус, фоточақноқ, суратни оптик барқарорлаштириш, f/1.5/2.4, видео - 4K@60fps ҳамда 12 Мп, Dual Pixel + автофокус, фоточақноқ, суратни оптик барқарорлаштириш, f/1.5/2.4, видео - 960fps;
Олд камера: 8 Мп, f/1.7;
Процессор: ҳудудидан келиб чиқиб Snapdragon 845 ёки Exynos 98108 - 8 ядроли (4 та ядро - 2,8 ГГц ҳамда 4 та ядро 1,7 ГГц), 10 нм, 64 бит;
График чип: Mali-G72 | Adreno 630;
Тезкор хотира: 6/8 ГБ LPDDR4;
Доимий ички хотира: 128/512 ГБ (UFS 2.1);
Хотирани кенгайтириш бўлмачаси: microSD, 512 ГБ.гача;
Навигация: GPS ҳамда ГЛОНАСС;
Интерфейс: Wi-Fi (802.11a/b/g/n/ac), MIMO, Bluetooth 5.0 LE;
Қўшимча: NFC, USB Type-C 3.1 порти;
Сим-карта учун бўлмача: 2 та Nano-SIM;
Сенсорлар: акселерометр, геомагнит датчик, гироскоп, RGB ёритиш датчиги, оралиқ-масофа датчиги, барометр, Холл датчиги, бармоқ изи сканери, кўз рангдор пардаси сканери, юрак уришини ўлчайдиган датчик;
Стереодинамиклар: AKG;
Стилус: S Pen;
Корпус ҳимояси: IP68;
Аккумулятор: 4000 мА соат, тезкор қувват олиш, симсиз қувват олади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!