Galaxy S20 олишга шошилманг – Galaxy S21’лар ундан арзон чиқади!

  •   DiMaX
  •  2700
  •  03.12.2020 14:38

Galaxy S20 олишга шошилманг – Galaxy S21’лар ундан арзон чиқади!

Смартфонсозлар йилдан-йилга ўз флагман моделларини кучайтириб чиқариш билан бирга, уларнинг нархларини ҳам тобора ошириб келаётганини биламиз. Хусусан, энг сермаҳсул ишлаб чиқарувчи бўлган Samsung бу борада ҳам олдинги сафда.

ЎҚИНГ: Смартфон бозоридаги даромаднинг 93 фоизини иккитагина компания бўлишиб олди! (2020 йил 3-чорак)

Кореядаги инсайдерларнинг хабар беришларича, етакчи смартфонсоз навбатдаги флагманларига келиб, нарх сиёсатини ўзгартирмоқчи. Масалан, базавий конфигурациядаги Samsung Galaxy S21 учун 850–900 доллар миқдорида нарх белгиланади. Таққослаш учун: энг арзон Galaxy S20 модели 1000 доллардан сотила бошлаган эди.

Флагман туркумнинг бошқа вакиллари ҳам олдинги «аждод»ларига нисбатан тахминан шунча арзон чиқарилади. Яъни, Galaxy S20+ бошланғич нархи 1200 доллар эди, Galaxy S21 Plus смартфони эса 1050-1100 доллардан сотувга қўйилади.

Galaxy S20 Ultra савдога чиққанида унга АҚШда 1400 доллар, Европада эса 1350 евро ҳажмида нарх белгиланган эди. Унинг давомчиси – Galaxy S21 Ultra флагмани бўлса 1250-1300 доллардан сотилади.

Булардан ташқари, қайишқоқ экранли Galaxy Z Fold 3 ҳам қимматлашмасдан, Galaxy Z Fold 2 нархида сотилади. Мазкур букламафон ва Galaxy S21 туркуми флагманлари Snapdragon 888 5G процессори базасида ишлайди. Шундай экан, Galaxy S20 туркумидаги бирор смартфонни олишни режалаштираётган бўлсангиз, сал шошмасдан, бирйўла кейинги авлод флагманини харид қилганингиз маъқул.

ЎҚИНГ: Samsung энг арзон 5G-смартфонини буткул янгича дизайнда тайёрлабди!