Galaxy S21 флагманини Samsung нақ $700 чегирма билан таклиф этяпти!

  •   DiMaX
  •  2020
  •  29.12.2020 15:36

Galaxy S21 флагманини Samsung нақ $700 чегирма билан таклиф этяпти!

Samsung компанияси Galaxy S21, Galaxy S21 Plus ҳамда S21 Ultra флагманларини бултурги моделлар – тегишлича Galaxy S20, S20+ ва S20 Ultra моделларидан арзонроқ сотиши ҳақида ёзган эдик. Ҳаттоки уларнинг турли версиялари учун Европа бозорига мўлжалланган нархлари ҳам маълум бўлган.

ЎҚИНГ: Galaxy S21'лар «таъмини татиб» кўринг!

Янги авлод флагманларининг 14 январда намойиш этилишини айтишган, бироқ Samsung ҳали буни расман эълон қилмаган. Шундай бўлса-да, жанубий кореялик корпорация АҚШда аллақачон Galaxy S21 туркуми смартфонлари учун олдиндан буюртма ола бошлаган.

Буни аввалдан буюртма дегандан кўра, захиралаб (брон қилиб) қўйиш десак тўғрироқ бўлар балки. Зеро, америкаликлар бронлаб қўйиш учун ҳеч қанақа тўлов қилишмади. Samsung истовчилардан фақат қайси моделдаги флагманни олишига аниқлик киритишни ҳамда ўз маълумотларини (исм-фамилия, электрон почта манзили ва почта индексини) сўраб олиб, қайд қилиб қўймоқда. Лекин шу тариқа олдиндан рўйхатдан ўтганларга смартфонларни биринчи бўлиб – намойишидан кейиноқ етказиб беради.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy A42 5G'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Шу билан бирга, Samsung қизиқарли бир трейд-ин дастурини жорий этаётганлиги ҳақида ҳам маълумот пайдо бўлди. Унга кўра, харидор ўзининг iPhone 12, Galaxy S20 ёки Galaxy Note 20 смартфонини топшириб, Galaxy S21 учун нақ 700 долларлик чегирма олиши мумкин! Бу эса бугун тақдим этилган Xiaomi Mi 11 флагмани – Snapdragon 888 чипсети базасидаги илк смартфон нархига тенг миқдордир.

Шунингдек, Samsung олдиндан буюртма берганларга 50 долларлик купон ҳам ҳадя этмоқда – уни компаниянинг аксессуарлари, қулоқчин ва ақлли соатлари харидида қўллаш мумкин. Бордию харидор аввалдан буюртмани Shop Samsung иловаси орқали амалга оширса, компания буларга яна 10 доллар қўшиб беради.

ЎҚИНГ: Танловда қатнашиб, Galaxy A50 ва бошқа совринлар ютиб олинг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.