Galaxy S21 флагманлари таннархи ҳатто Galaxy S20’ларникидан ҳам паст экан: нималарда тежашган?

  •   DiMaX
  •  636
  •  28.04.2021 10:53

Galaxy S21 флагманлари таннархи ҳатто Galaxy S20’ларникидан ҳам паст экан: нималарда тежашган?

Counterpoint Research тадқиқот компаниясининг таҳлилчилари Galaxy S21 туркуми флагманлари таннархини ҳисоблаб чиқишди. Буни қарангки, Samsung учун улар бултурги Galaxy S20 сериясидан ҳам арзонга тушган экан!

ЎҚИНГ: iPhone 12’нинг таннархини ҳисоблашди: Apple уни икки баравардан ошиқ нархда пуллаяпти!

Хусусан, янги смартфонлар оиласининг энг зўр модели – Galaxy S21 Ultra 5G таннархи салкам 533 долларга тўғри келган. Бу эса ўтган йилги Galaxy S20 Ultra 5G таннархидан 7 фоизга паст кўрсаткич!

Стандарт талқиндаги Galaxy S21 ҳамда Galaxy S21+ смартфонларини тайёрлаш эса янада арзонга тушяпти: уларнинг таннархи Galaxy S20 ва Galaxy S20+ моделлариникига нисбатан 12–13 фоизга паст. Умуман олганда, жанубий кореялик техногигантнинг янги авлод флагманлари таннархи 400 – 600 долларга тўғри келмоқда.

ЎҚИНГ: Samsung ҳар бир сотилган Galaxy Note 20 Ultra’дан битта флагман смартфон пулича фойда қиляпти!

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларига кўра, Galaxy S21 сериясининг таннархи пасайганига сабаб – уларни яратишда харажатлар оптимизация қилинганидир. Масалан, смартфонларда 5G-модем алоҳида бўлмасдан, микросхемаларнинг асосий жамланмасига кирган; натижада тизим соддалашган ва таннарх пасайган. Samsung бу флагманларида ўзининг Exynos 2100 процессорини қўллагани ҳам якуний таннарх пасайишига сабабчи бўлган.

Булардан ташқари, Galaxy S21 Ultra моделида бир миллиметрлик диапазондаги антенна модуллари сони учтадан иккитага туширилган. Смартфон жамланмасига 25 ваттлик қувватлагич ҳамда симли қулоқчин солинмагани ҳам таннархга сезиларли таъсир кўрсатган.

Таннархи пасайиши билан бирга, Samsung мазкур телефонларини истеъмолчиларга ҳам бултурги флагманларидан арзон сотаётганини таъкидламасак инсофдан бўлмас. Шунинг натижасида Galaxy S21 туркуми савдоларининг илк тўлиқ ойи – жорий йилнинг февралида улар 3,4 миллионтадан ортиқ сотилган. Бу эса 2019 йили чиққан Galaxy S20 сериясининг биринчи тўлиқ ойда сотилиш кўрсаткичидан нақ 22 фоизга юқори натижадир.

ЎҚИНГ: Galaxy S20 Ultra таннархи ҳисобланди – Samsung уни неча баравар қимматга сотяпти?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!