Galaxy S21 флагманларининг процессори – Snapdragon 888 рақиби тақдим этилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  737
  •  13.01.2021 12:57

Galaxy S21 флагманларининг процессори – Snapdragon 888 рақиби тақдим этилди! (+видео)

Samsung компанияси Galaxy S21 туркуми смартфонларининг глобал бозорга мўлжалланган вариантларида ўзининг Exynos 2100 процессорини ўрнатади. Жанубий Корея, Хитой ва АҚШда сотиладиган вариантлари эса Snapdragon 888 чипсетида ишлайди.

ЎҚИНГ: Exynos 2100 процессорли Galaxy S21+ ҳамда S21 Ultra флагманларини Geekbench’да таққослаб кўрсатишди!

Galaxy Unpacked тадбирининг 14 январда бўлиб ўтиши маълум; Samsung эса ундан олдин ўзининг янги – Exynos 2100 русумли флагман процессорини намойиш қилди. Компания уни энг янги ARM ядролари ҳамда 5G-модемни қўллаган ҳолда, 5 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрлаган.

Олдинги – Exynos 990 процессори билан таққослаганда, Exynos 2100 самарадорлиги тахминан 30 фоизга ошган, энергия харжи эса 20 фоизга камайган. Янги чипсет смартфонда 200 мегапикселликкача аниқликдаги камералар бўлишини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Exynos 2100 қўлланган флагманларда сониясига 60 кадр тезлигида 8К’гача бўлган сифат билан видео ёзиб олиш ва ижро эттириш мумкин. Шунингдек, бундай қурилмаларда экраннинг аниқлиги 4К форматида, янгиланиш частотаси 120 герцлик қилиш, ёки QHD+ форматидаги 144 герцлик дисплей қўллаш мумкин. Булардан ташқари, ушбу чипсет энг сўнгги – LPDDR5 туридаги тезкор хотира ҳамда UFS 3.1 тоифали доимий хотира чиплари билан ҳамкорликда ишлай олади.

Exynos 2100 чипсети саккиз ядроли бўлиб, унда битта ўта қудратли – 2,9 ГГц частотали Cortex-X1 ядроси қўлланган. Унинг жамланмасига юқори самарадорликка эга – 2,8 ГГц.лик Cortex-A78 ядросидан учтаси, қувват тежовчи – 2,2 ГГц.лик Cortex-A55 ядросидан тўрттаси кирган.

Чипсет таркибидаги ARM Mali-G78 график тезлатгичи 14 та ядрога эга бўлиб, унинг самарадорлиги 40% ошган ва Vulkan ҳамда OpenCL технологияларини қўллаб-қувватлайди. Процессорнинг сунъий интеллект ҳамда машинавий таълим билан боғлиқ вазифалардаги самарадорлиги 15 дан то 26 TOPS’гача кўтарилган; бу борада Samsung флагман чипсети энди Snapdragon 888 даражасига етиб олган.

ЎҚИНГ: 2021 йилнинг энг кутилаётган 10 смартфони

Қуйидаги расмий видеода Exynos 2100 процессорининг муҳим хусусиятлари тўғрисида батафсил (инглиз тилида) маълумот берилган:

Exynos 2100 чипсети аллақачон оммавий ишлаб чиқаришга жорий этилган ва у Galaxy S21 туркумида дебют қилади. Ушбу процессор кейинчалик бошқа смартфонларда ҳам қўлланиши мумкин, лекин бу борада аниқ маълумот йўқ. Ҳозирча эса Snapdragon 888 чипли учта флагман AnTuTu бенчмаркида кетма-кет рекорд ўрнатди.

ЎҚИНГ: Galaxy S21 смартфони ва қадоғи акс этган «жонли» видео тарқалди (+нархлари)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!