Galaxy S21 ҳамда Galaxy S21+ тақдим этилди: видеоси, нарх ва жиҳатлари

  •   DiMaX
  •  6161
  •  15.01.2021 10:22

Galaxy S21 ҳамда Galaxy S21+ тақдим этилди: видеоси, нарх ва жиҳатлари

Samsung компанияси кеча – 14 январь куни ўзининг Galaxy Unpacked 2021 тақдимот тадбирини ўтказди. Маросимнинг энг кутилган қаҳрамонлари, табиийки, Galaxy S21 туркумидаги флагман смартфонлар бўлди.

ЎҚИНГ: Galaxy A32 намойиш қилинди: Samsung’нинг энг арзон 5G-смартфони!

Умумий жиҳатлари кўпроқ

Стандарт талқиндаги Galaxy S21 флагмани ҳамда унинг Galaxy S21+ версияси ташқи қиёфаси билан ҳам, хусусиятларига кўра ҳам ўзаро ўхшаш, аммо барибир фарқлари бор. Ҳар иккаласи ромсиз экранли, дисплей тепа қисмининг қоқ ўртасида олд камера учун тирқиш очилган.

Флагманларнинг олд панели бошқа аксарият смартфонлардан айтарли фарқ қилмайди, лекин орқа тарафи ўзгача ишлаб чиқилган. Аниқроғи – уларнинг камера блоги корпуснинг асосий юзасидан бўртиб чиқиб туриши ҳамда рангига кўра фарқланишидан ташқари, ён қиррага «сингишиб» кетган.

Galaxy S21 ҳамда S21 Plus камералар жамланмаси бир хил: биринчи сенсор 12 мегапикселлик (f/1.8) бўлиб, тасвирни оптик барқарорлаштириш (OIS) технологиясига эга. Иккинчиси эса 64 МПлик телефото модули (f/2.0) бўлиб, уни OIS ҳамда 3 карралик гибрид зум билан таъминлашган. 12 мегапикселлик учинчи датчик (f/2.2) бўлса ўта кенг бурчакли (кўриш бурчаги 120 даража) объектив билан бирлаштирилган. Фоточақноқ эса камера блогидан ташқарига жойланган. Селфилар учун ҳар иккала моделда 10 мегапикселлик, f/2.2 диафрагмали датчик қўлланган.

Samsung янги қурилмаларини энг зўр процессорлар – Snapdragon 888 ёки Exynos 2100 (сотиладиган ҳудудига кўра) билан таъминлаган. Уларнинг тезкор/ички хотира конфигурациялари ҳам бир хил – флагманлар 8/128 ГБ ҳамда 8/256 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Уларда хотира картаси учун слот ҳам, қулоқчин учун стандарт аудиотирқиш ҳам йўқ.

Флагманларнинг бармоқ изи сканерлари экранга интеграция қилинган, дисплей юзасига энг мустаҳкам – Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси ётқизилган. Улар Android 11 операцион тизими устига қурилган энг янги – One UI 3.1 график қобиғи билан тақдим этилган. Табиийки, флагманлар 5G тармоғини қўллаб-қувватлайди ва контактсиз тўловлар учун NFC чипига эга.

Samsung ушбу смартфонларини янги – Phantom Violet тусли корпусда ҳам чиқарган. Флагманлар корпуси IP68 стандартига кўра чанг ва сувдан ҳимояланган – улар бир ярим метрлик сув тубида ярим соатгача жон сақлай олади.

ЎҚИНГ: Сув тубида саккиз ой жон сақлаган смартфон ўз эгасини ҳам ҳайратга солди!

Фарқи фақат нархида эмас

Базавий моделдаги флагман Galaxy S21 диагоналига 6.2 дюймлик Dynamic AMOLED 2X дисплей билан жиҳозланган. Унда кадр янгиланиш частотаси контентга боғлиқ ҳолда 48 герцдан то 120 герцгача созланади. Экранда тасвир аниқлиги 1080х2400 пикселлик бўлиб, у HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Samsung Galaxy S21+ моделининг шеригидан асосий фарқи – экранининг ўлчами каттароқ, яъни диагоналига 6.7 дюймлик эканлигидир. Дисплейнинг қолган жиҳатлари стандарт флагманникидан фарқ қилмайди.

Galaxy S21 автономлигига 4000 мА/соатлик аккумулятор масъул бўлиб, у 25 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга. Шунингдек, флагман симсиз усулда 15 ваттлик тезкор заряд ола билади, яна реверсив зарядка – бошқа гаджетларга қувват узатиш хусусиятига эга. Galaxy S21+ батареясининг ток сиғими бўлса 4800 мА/соатлик; унинг ҳам бошқа хусусиятлари стандарт модел аккумулятори билан бир хил.

Базавий моделдаги Galaxy S21 корпус рангига кўра энг кенг ассортиментда таклиф этилади: Phantom Gray, Phantom White, Phantom Violet ва Phantom Pink. Унинг шериги – Galaxy S21+ харидорлари эса Phantom Black, Phantom Silver ҳамда Phantom Violet тусларидан бирини танлашлари мумкин.

Samsung стандарт флагмани – Galaxy S21 учун 850 евродан бошланувчи нархлар белгилаган. Унинг «плюсли» версияси нархи эса 1050 евродан бошланади. Улар учун аллақачон олдиндан буюртма бериш мумкин, очиқ савдога эса флагманлар 29 январдан чиқади.

ЎҚИНГ: Samsung кўринмас камерали Galaxy Note 21 Ultra’ни видеода кўрсатди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.