Galaxy S21 Ultra ҳам чиқди: туркумнинг S Pen стилусли илк вакили, тағин S20 Ultra’дан арзон! (+видео)

  •   DiMaX
  •  3569
  •  15.01.2021 13:37

Galaxy S21 Ultra ҳам чиқди: туркумнинг S Pen стилусли илк вакили, тағин S20 Ultra’дан арзон! (+видео)

Жанубий кореялик техногигант Galaxy S21 ҳамда Galaxy S21 Plus смартфонларини намойиш қилгани ҳақида ёзгандик. Ушбу туркумнинг энг илғори – Galaxy S21 Ultra модели ҳам тақдим этилди ва у булардан жиддий фарқ қилади.

ЎҚИНГ: Samsung экраности камерали илк девайсини кўрсатди, лекин бу смартфон эмас! (расмий видео)

Шу пайтгача Galaxy S ҳамда Galaxy Note туркумидаги флагманлар орасида асосий фарқ S Pen стилуси эди, янги смартфонида Samsung ушбу чегарани олиб ташлади. Шунга қараганда, Galaxy Note туркуми чиндан ҳам ёпилиб, ўрнини букламафонлар эгаллайди, шекилли.

Galaxy S21 Ultra модели ушбу сериянинг S Pen стилусли биринчи ва ҳозирча ягона вакилидир. Ушбу аксессуар ёрдамида қайдлар ёзиш, суратларни таҳрирлаш ва камерани бошқариш мумкин. Galaxy Note туркуми вакилларидан фарқли равишда, янги смартфон корпусида бу электрон перо учун жой ажратилмаган; яъни, у Galaxy S21 Ultra’нинг таркибий бир қисми эмас, балки қўшимча аксессуардир. S Pen бу қурилманинг қадоқ жамланмасига ҳам киритилмаган – алоҳида сотиб олинади, махсус ғилофда сақланади ва ўша ердан қувват олади.

Дизайн борасида Galaxy S21 Ultra иккита «ини»сига ўхшаш: ромсиз дисплей, ундаги туйнукка ўрнатилган селфи датчиги; бош камеранинг корпусдан ажралиб турувчи блоги. Лекин унинг ўлчамлари каттароқ – 6.8 дюймлик Dynamic AMOLED 2X дисплейнинг аниқлиги 1440х3200 пикселлик. Кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик бўлган экран HDR10+ технологиясига эга. Бунингдек, дисплейнинг максимал ёрқинлиги 1500 нит бўлиб, бу борада айни дамгача чиққан барча Galaxy қурилмалари орасида энг юқори бирликдио. Экранга дактилоскоп интеграция қилинган ҳамда юзаси Corning Gorilla Glass Victus тобланган шишаси билан муҳофаза этилган.

Galaxy S21 Ultra моделининг нариги иккита флагмандан яна бир фарқи – дисплейининг четлари қайрилганлигидир. Смартфон корпуси шишадан ишланган ва, шерикларидаги сингари, IP68 стандартига кўра ҳимояланган (1,5 метргача сув остида 30 дақиқа тура олади).

ЎҚИНГ: Энг антиқа анбоксинг: Сув тубида Galaxy S20 FE қадоғини очиб, ўзини ишлатиб кўрсатишди!

«Ультра»-флагманнинг асосий устунликларидан бири унинг камераларидир. Унда селфилар учун нақ 40 мегапикселлик (f/2.2) сенсор қўлланган бўлса, бош камера блоги тўртинчи модул эвазига каттароқ қилинган. Асосий сифатида 108 мегапикселлик (f/1.8) датчик ўрнатилган ва у лазерли автофокусга, OIS тизимига эга. Камера жамланмасига LED-чақноқ ҳамда яна учта модул киради: 10 МПлик перископ (f/4.9) – 10 карралик оптик зумли; 10 МПлик телефото (f/2.4) ҳамда 12 МПлик кенг бурчакли (f/2.2) камералар. Galaxy S21 Ultra – барча камераларидан сониясига 60 кадр тезлигида 4K форматли видео ёзиб олишга қодир бўлган биринчи Samsung смартфонидир.

Galaxy S21 Ultra ҳам сотилиш ҳудудига боғлиқ ҳолда Qualcomm Snapdragon 888 ёки Exynos 2100 процессорлари билан чиқарилмоқда. Смартфонни 16 гигабайтгача ҳажмли тезкор ҳамда 512 гигабайтгача бўлган доимий хотирали вариантларда таклиф этишади. Samsung бу қурилмасини Wi-Fi 6E модули, NFC чипи ҳамда AKG стереодинамиклари билан таъминлаган.

Ultra-версиядаги флагманда батарея ток сиғими ҳам каттароқ – 5000 мА/соатлик. Уни симли усулда 25 ваттлик, симсиз ҳолда эса 15 ваттлик технологиялар бўйича қувватлаш мумкин. Табиийки, смартфонда реверсив зарядка – бошқа девайсларга қувват узатиш қобилияти ҳам мавжуд.

Galaxy S21 Ultra модели Phantom Black, Phantom Silver, Phantom Titanium, Phantom Navy ҳамда Phantom Brown тусли корпусларда сотилади. Унинг нархи 1250 евродан бошланади; бу эса барибир бултурги Galaxy S20 Ultra моделидан 100 еврога арзон. Шериклари сингари, у ҳам 29 январдан очиқ савдога қўйилади.

ЎҚИНГ: Samsung кўринмас камерали Galaxy Note 21 Ultra’ни видеода кўрсатди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!