Galaxy S22 FE кутиб овора бўлманг!

Galaxy S22 FE  кутиб овора бўлманг!

2020 йилнинг сентабрида Samsung ўзининг ҳамёнбоп Galaxy А ва флагман Galaxy S сериясидаги смартфонлари ўртасига янги Galaxy "Fan Edition" сериясини қўшди ва Galaxy S20 FE тақдим қилинди. Ўшанда Жанубий Корея компанияси ҳар йили шу қаторда ҳам телефон чиқаришини маълум қилган эди. Аммо, навбатдаги FE, яъни Galaxy S21 FE эса орадан тўлиқ бир йил ва яна бир неча ой вақт ўтиб, 2022 йилнинг январида чиқарилди. Ҳа, у бироз кечикди. Бироқ, навбатдаги Galaxy FE вариатидаги смартфон кечикиш уёқда турсин, умуман чиқарилмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар қилинмоқда.

SamMobile нашри ўзининг бир нечта манбаларига асосланиб хабар беришича, Samsung компанияси FE бренди остида нафақат Galaxy S22, балки, бу қаторда ортиқ смартфон чиқармаслиги мумкин. Маълум бўлишича, Galaxy S22 FE смартфони SM-S900 модел рақами остида бўлиши керак эди, аммо, бундай қурилма ҳозирда мавжуд эмас. Бундан ташқари агар компания янги авлод FE модели устида ишлаётган бўлганида, у ҳақида бирон миш-мишлар бўлиши керак эди, лекин шу пайтгача ҳеч қандай Galaxy S22 FE ҳақида маълумотлар тарқатилмади. Ҳатто, Galaxy S21 FE'нинг расмий рендерлари ўтган йилнинг шу ойида, июнда, Интернетга сиздирилган эди.

Аввал бошдан Samsung ўзининг Galaxy S21 FE модели омма эътиборига тушишини истамади шекилли, компания янги FE смартфонини Galaxy S22 флагманлари тақдимотидан атиги бир ҳафта олдин тақдим қилди ва табиийки, S21 FE янги S22 моделлари фонида эътибордан четда қолиб кетди.

Galaxy S20 FE эса жуда қиммат нархда чиқарилган Galaxy S20 сериясининг бозори яхши юрмаганлиги сабаб, унинг "орқасини ёпиш" учун чиқарилган ва у сезиларли даражада кўп сотилиши билан ўз вазифасини жуда яхши бажарган эди.

Умуман олганда, бугунги кунда Samsung флагманлари техник хусусиятларига мос нархдаги базавий модел бўлиб, уларнинг арзон нарх ҳақидаги бўшлиғини Galaxy А қатори тўлдиради ва бу орада Galaxy FE унчалик аҳамият касб этмайди. Шундай экан агар Galaxy S22 FE чиқарилиши кутаётган бўлсангиз, кутманг.

ЎҚИНГ: Galaxy Z Fold4 смартфони GeekBench'да тестдан ўтди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.