Galaxy S22 қанчалик мустаҳкам?

Galaxy S22 қанчалик мустаҳкам?

Тақдим этилганидан кўп вақт ўтмай Galaxy S22 модели мустаҳкамлик тестидан ўтказилди. Ушбу жараён PBKreviews YouTube канали ижодкорлари томонидан ўтказилди. 

Даставвал смартфон бир дақиқа давомида сувда текшириб кўрилди. Кейинчалик эса тиғли махсус асбоблар билан экран устидаги шиша тирнаб кўрилди. 

Mohs қаттиқлик шкаласи бўйича саккизинчи даражада чуқур тирналишлар кузатилди. Гарчи S22 модели янги Corning Gorilla Glass Victus+ шишаси билан ҳимояланган бўлса-да, саккизинчи даражада бошқа шишалар каби униг юзасида ҳам қирилишлар пайдо бўлди. 

Орқа панель ҳам Gorilla Glass Victus+ шишаси билан ҳимояланган. Унинг юзасида ҳам саккизинчи даражадан кейин тирналишлар пайдо бўлди. 

Қурилманинг ромлари, SIM-карта слоти, овозни бошқариш тугмалари ҳамда камера модули алюминийдан ишланган. Смартфон букиб кўрилганда унга ҳеч қандай зарар етмади. Бу бўйича S22 смартфони 10/10 натижасини қайд этди. 

Сўнгги қисмда смартфонни қисмларга ажратиш жараёни амалга оширилди. Орқа панель қурилма ромига махсус ёпишқоқ елим билан ёпиштирилган. Симсиз заряд олиш мосламаси ҳамда NFC антеннасини олиш учун 19та винтни бўшатишга тўғри келди. 

Аккумуляторнинг мослашувчан кабеллари олиб ташлангандан сўнг қурилма ичидан чипсет ва камера модули жойлашган платани олиб чиқиш имкони пайдо бўлди. 

Камера кўздан кечирилганда учала сенсор ҳам OIS билан жиҳозлангани маълум бўлди. Камерадан кейин смартфоннинг юқори ва пастки қисмда жойлашган динамиклари чиқариб олинди. 

Экранни алмаштириш учун даставвал қуриламанинг асосий қисмларини чиқариб олиш керак бўлади. Кейин эса экран атрофидаги елимни эритган ҳолда экран корпусдан чиқариб олинади.

ЎҚИНГ: Galaxy S22 ва S22+ смартфонлари тақдим этилди 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!