Galaxy S22 Ultra учун арзирли рақиб чиқарилди!

Galaxy S22 Ultra учун арзирли рақиб чиқарилди!

Бир неча ойлик миш-мишлар ва маълумотлар тарқатилишларидан кейин ZTE ваниҳоят ўзининг Ахон 40 сериясидаги смартфонларини тақдим қилди. Ушбу қатор ZTE Axon 40 Pro ва ZTE Axon 40 Ultra моделларини ўз ичига олади. Улардан бири компаниянинг учинчи авлод экран ости камерасига эга флагмани бўлиб, у бу йил Ultra номи остида чиқарилган, яъни ZTE Axon 40 Ultra, ундан олдингилари эса оддий Axon 30 5G, Axon 20 5G деб номланган эди.

Оғирлиги 204 грамм бўлган, 8.4 мм қалинликдаги ZTE Axon 40 Ultra бўйига 163.2 мм, энига 73.5 мм бўлиб, унинг ҳеч қандай тешик-тирқишларсиз, тўлиқ экран билан ён томонлари бироз қайрилган чиройли дизайни одамни ўзига маҳлиё қилади. Экрани ҳақида гапирадиган бўлсак, смартфон 6.8 дюймли, AMOLED, 120Hz янгиланишга эга ва 2480 х 1116 пиксел билан FHD+ дисплей билан таъминланган. Экран остида нафақат 16 MP сенсорли селфи камера, балки бармоқ изини аниқлаш технологияси ҳам жойлашган. 

ZTE Axon 40 Ultra бир эмас, учта асосий камерага эга ва уларнинг уччови ҳам 64 мегапикселлик Sony IMХ787 сенсорига эга. Асосий, ултра-кенг-бурчакли ва перископ телефото модулларнинг уччаласи ҳам 8К тиниқлиги видео ёзиш қобилиятига эга. Шунингдек, камералар ёнида фокус қилишга ёрдам берадиган 3D ToF сенсори ва милтилловчи сенсор ҳам мавжуд.

Капот остида Snapdragon 8 Gen 1 чипи таъминланган Axon 40 Ultra флагмани 8/12/16GB оператив хотира ва 256/512GB/1TB доимий хотирага эга ва у Android 12 га асосланган MiFavor UI операцион тизимида ишлайди. Унинг 5000 mAh сиғимли батареясини 80 ваттлик тезкор қувватлаш билан USB-C порти орқали зарядлаш мумкин.

ZTE Axon 40 Ultra кулранг ва қора рангларда қуйидаги тўрт хил вариантда чиқарилади:

  • 8GB + 256GB – 4998 юан ($743)
  • 12GB + 256GB – 5298 юан ($788)
  • 12GB + 512GB – 5798 юан ($862)
  • 16GB + 1TB – 7298 юан ($1,085)

Смартфон сотуви 13 майдан Хитойда бошланади, ҳозирча эса унга олдиндан буюртма бериш мумкин. Глобал бозорга эса келаётган июн ойидан сотувга чиқарилиши айтилмоқда.

ЎҚИНГ: Nokia 200 мегапикселли смартфон билан камбек қилмоқчи

 
 
 
 
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!