Galaxy S22’лар ҳақидаги бу маълумотлар Samsung фанатларини хурсанд қилмайди

  •   DiMaX
  •  4956
  •  15.06.2021 09:56

Galaxy S22’лар ҳақидаги бу маълумотлар Samsung фанатларини хурсанд қилмайди

Куни кеча Samsung компаниясининг ўрта нарх тоифасидаги иккита оммабоп смартфонида янгиланишлар борасида нохуш хабар чиққан эди. Энди эса унинг кейинги йилга мўлжаллаган флагманлари – Galaxy S22 туркуми хусусида айрим маълумотлар тарқалмоқда. Афсуски, уларнинг айримлари мазкур бренд мухлисларига ёқмайди.

ЎҚИНГ: Ҳақиқий Samsung фанати бўлиш сизга қанчага тушади?

Бу йилги флагманлар оиласида бўлгани каби, 2022 йилдаги энг илғор смартфонлар туркумига ҳам учта модел кириши кутилмоқда: стандарт Galaxy S22, янада илғор Galaxy S22 Plus ҳамда энг кучли Galaxy S22 Ultra. Инсайдерларнинг ёзишларича, булар орасидан фақат сўнггисигина шишадан ишланган орқа панелга эга бўлади. Унга нисбатан арзонроқ бўлган қолган иккитаси эса «кучайтирилган поликарбонат»дан ясалган корпус билан кифояланади.

Айтиш керакки, Samsung ушбу йўналишдаги биринчи қадамини 2021 йилдаёқ ташлаган: Galaxy S21+ ҳамда Galaxy S21 Ultra флагманлари орқа қопқоғи шишадан қилинган бўлса, Galaxy S21 модели пластик корпусда тақдим этилган.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S смартфонлари: энг ёмонидан энг яхшисигача

Орқа қопқоғининг материалидан ташқари, Galaxy S22 туркумига оид яна битта нохуш хабар бор. Улар орасида фақат энг қиммат Galaxy S22 Ultra моделида LTPO технологиясига эга дисплейга эга бўлади.

Таъкидлаб ўтамиз: юқоридагиларнинг барчаси ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотлардир; аммо инсайдерлар берган шу каби ахборотлар охир-оқибатда рост бўлиб чиқиши ҳолатлари ҳам кўп учрайди.

Samsung мазкур флагманларини 2022 йилнинг январь ойида тақдим этиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy смартфонлари нархлари билан танишамиз (2021 йил, июнь)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.