Galaxy S23 стилидаги яна бир Samsung бюджет смартфони – Galaxy А24 чиқарилди!

Galaxy S23 стилидаги яна бир Samsung бюджет смартфони – Galaxy А24 чиқарилди!

Samsung ўзининг бу йилги Galaxy А смартфонлари қаторига яна бир моделни қўшди. Компаниянинг Ветнамдаги сайтида анчадан бери миш-миш қилиб келинаётган Galaxy А24 смартфонининг расмий саҳифаси пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, Galaxy А24 смартфонининг Infinity-U дизайнидаги рамкаси билан ўралган 6.5 дюймли Super AMOLED дисплейи FHD+ (1080×2340) резолюциясида бўлиб, у 1000 нит максимал ёрқинликка чиқа олади. Шунингдек, экран зарарли кўк-нурларни камайтира олиш қобиляти учун SGS Eye Care Display сертификатига эга. Афсуски, унинг янгиланиш тезлиги ҳақидаги маълумот очиқланманган, лекин олдинги миш-миш хабарларда у 90 герц бўлиши айтилган эди.

Смартфон орқа томонида унинг учлик камералари Galaxy S23 стилида жойлашганини кўришингиз мумкин. Уларнинг асосийси тасвирни оптик барқарорлаштириш хусусиятига (OIS) эга бўлган 50 MP (f/1.8) сенсор бўлса, қолганлари 5 MP (f/2.2) ултра-кенг ва 2 MP (f/2.4) макро сенсорлар ҳисобланади. Ушбу камералар сизга Full HD резолюцияда (1920×1080) секундига 30 кадр тезликдаги видеолар олиш имконини беради. Ҳа, айтганча, олд томондаги селфи камера 13 MP (f/2.2).

Қурилма капоти остида MediaTek'нинг саккиз ядроли Helio G99 чипсети 6/8 GB оператив ва 128 GB доимий хотиралар билан жойлашган. Албатта, доимий хотирани microSD карта билан 1 TB гача кенгайтириш мумкин. Смартфон Android 13 га асосланган One UI 5.1 операцион тизимида ишлайди. Унинг 5000 мА/соат батареясини 25 Вт тезликда қувватлаш мумкин.

Алоқа ва уланиш борасида смартфон 4G, Wi-Fi 5 ва Bluetooth 5.3 технологияларини қўллаб-қувватлайди. Контактсиз тўловлар учун NFC хусусияти ҳам мавжуд. Бундан ташқари смартфонда 3.5 миллиметрли симли наушник уяси ва бармоқ изини аниқлаш сканери (ён томонда) ҳам бор. Смартфон 162.1×77.6×8.3 мм ўлчам ва 195 грамм оғирликда.

Galaxy А24 смартфони Galaxy А14 каби қора ва тўқ қизил, шу билан бирга, Galaxy А34 ранларига ўхшаш лайм ва кулранг рангларда таклиф қилинади. Нархи ҳозирча аниқ эмас, лекин узунқулоқ хабарларга кўра смартфон 2-2.5 миллион сўм нархда чиқарилади (Ўзбекистонда сотувга чиқарилиши эҳтимоли йўқ эмас).