Galaxy S23 Ultra рақобатчиси? Realme ўзининг Ойни суратга оладиган 200 MP камерали смартфонини расман тақдим қилди

Galaxy S23 Ultra рақобатчиси? Realme ўзининг Ойни суратга оладиган 200 MP камерали смартфонини расман тақдим қилди

Realme компанияси бугун ўз ватанида янги Realme 10 давомчиларини расман тақдим қилди. Бу Realme 11 серияси бўлиб, ушбу қаторга Realme 11, Realme 11 Pro ва Realme 11 Pro+ моделлари киради.

Realme 11 Pro+

Энг аввало қатордаги энг юқори модел – Realme 11 Pro+ смартфонидан бошлайдиган бўлсак, унинг энг ўзига хусусиятларидан бири орқасидаги 200 MP камераси ҳисобланади. Бу Samsung компаниясининг HP3 сенсори (1/1.4 дюйм) бўлиб, у юмалоқ камера оролининг марказида жойлашган. Ушбу f/1.69 диафрагмали камера тасвирни оптик барқарорлаштириш хусусияти билан тасвир сифатини йўқотмасдан 2×/4× зум қилиш қобиляти эга. У Super Night Scape (супер тунги манзара), Moon Mode (Ой режими) ва юлдузни суратга олиш учун Starry Mode Pro режимларига эга.

Компаниянинг таъкидлашича, флагман ўзининг сифатни йўқотмасдан зум қилиш ва шу билан бирга тунда ултра-тиниқ тасвирлар олиш имкониятлари орқали худди Galaxy S Ultra смартфонлари каби юқори сифатли Ой суратларини тасвирга тушира олади. Шунингдек, сиз ушбу камера билан 30 fps тезликда 4К форматидаги видеолар олишингиз ҳам мумкин. Асосий камерага қўшимча тарзда унинг икки ён томонларига 8 MP ултра-кенг ҳамда 2 MP макро линзалар жойлаштирилган.

Realme 11 Pro+ олд томонида икки ён томонлари эгилган 6.7 дюймли AMOLED дисплейга эга. У FHD+ (1080×2412) резолюцияда бўлиб, 120 герц янгиланиш тезлигини қўллаб-қувватлайди, HDR10+ билан сертификатланган ва 950 максимал ёрқинликка чиқа олади. Экран юқори марказидаги тешикдан 32 мегапикселли селфи камера ўрин олган. 

Realme 11 Pro+ капоти остида MediaTek'нинг Dimensity 7050 чипсети бор бўлиб, у 12 GB (+8 GB виртуал) RAM ва 1 TB хотира билан Android 13 га асосланган Realme UI 4.0 да ишлайди. Унинг 5000 мА/с батареясини 100 Вт тезлик билан 26 дақиқада 100% зарядлашингиз мумкин. Алоқа ва уланиш борасида иккилик 5G SIM-карталар, Wi-Fi 6 ва Bluetooth 5.2 технологиялари ишлайди. Қўшимчасига смартфонда бармоқ изи сканери (экрани остида), юқори сифатли вибрацияларни улашувчи Х ўқ чизиқли мотор, контактсиз тўловлар учун NFC, Hi-Res сертификатига эга иккита Dolby Atmos динамиклар ва шовқинни камайтириш хусусиятига эга иккита микрофонлар бор. Симли наушник учун 3.5 мм уя мавжуд эмас.

Realme 11 Pro+ смартфонининг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, унинг орқа томони доғларга қарши ҳимояга эга синтетик тери билан қопланган ва унинг ўртасидан уч ўлчамли тикув элементлари ўтказилган. Айтиш керакки, ушбу дизайн Gucci'нинг собиқ дизайнерларидан бири, Маттео Менотто томонидан яратилган. Чармли моделлар икки хил: сарғиш ва яшил рангларда таклиф қилинади. Қолаверса, смартфонни "жиддийроқ" қора вариантда ҳам топишингиз мумкин ва у чармлиларига қараганда ингичкароқ (8,2 мм vs. 8,7 мм) ва енгилроқдир (185 гр vs. 191 гр). Нархлар қуйидагича:

  • 12 GB + 256 GB = 2099 юан (≈303 доллар)
  • 12 GB + 512 GB = 2399 юан (≈346 доллар)
  • 12 GB + 1 TB = 2799 юан (≈404 доллар)

Смартфонга Хитойда аллақачон олдиндан буюртма бериш бошланган. Сотувлар эса 15 майдан бошланиши кутилмоқда.

Realme 11 Pro

Realme 11 сериясидаги ўрта модел, Realme 11 Pro смартфони ўзининг каттасидан унчалик фарқ қилмайди. Масалан, ушбу модел экрани Pro+ моделники билан бир хил. Капот остида эса улар хотирада ва батарея зарядланиши тезлиги фарқ қилади: Realme 11 Pro смартфонини 8 GB ва 12 GB оператив хотира билан 67 Вт тезликда (18 дақиқада 50%) таклиф қилинади.

Асосий фарқ камерада – Pro модел f/1.75 диафрагмали, OIS хусусиятига эга 100 MP асосий камера билан жиҳозланган. Пиксел сони аҳамиятга эга эмас ёхуд сиз ушбу моделда ҳам сониясига 30 кадр тезликдаги 4К видеолар олишингиз мумкин. Ушбу асосий камерага 2 MP макро сенсор ҳамроҳлик қилади. Олд томондаги селфи камера эса 16 MP. Realme 11 Pro ҳам чармли ҳамда чармсиз қора рангдаги вариантларда таклиф қилинади. Унинг нархи қуйидагича:

  • 8 GB + 256 GB = 1799 юан (≈260 доллар)
  • 12 GB  + 256 GB = 1999 юан (≈289 доллар)
  • 12 GB + 512 GB = 2299 юан (≈332 доллар)

Realme 11 Pro модели Realme 11 Pro+ билан бирга 15 майдан Хитойда сотувга чиқади. 

Realme 11 

Қатордаги энг кичик модел – Realme 11 га келадиган бўлсак, унинг техник хусусиятлари қуйидагича:

  • Экран: 6.43 дюйм, Super AMOLED, FHD+ (2400×1080), 90 герц янгиланиш тезлиги, 1000 нит
  • максимал ёрқинлик
  • Орқа камералари: 64 MP + 2 MP 
  • Олд камераси: 8 MP
  • Процессор: MediaTek Dimensity 6020 5G
  • Хотира: 8/12 GB RAM; 128/256 GB хотира
  • Батарея: 5000 мА/соат
  • Зарядланиш тезлиги: 33 Вт

Бошланғич модел, Pro'лар каби на ён томонлари эгилган ва на чармли хусусиятларга эга, лекин ҳеч бўлмаганда унга ҳам юмалоқ камера ороли стили қўлланилган ва у Realme UI 4.0 да ишлайди. Ушбу моделнинг катталаридан афзаллиги шундаки, У 3.5 миллиметрли симли наушник уясига эга. Унинг нархи қуйидагича: 

  • 8 GB + 256 GB = 1599 юан (≈231 доллар)
  • 12 GB + 256 GB = 1799 юан (≈260 доллар)

Realme ушбу смартфонни сотишни хоҳламаётгандек гўё ёхуд Realme 11 смартфони сотуви Хитойда 1 июнда бошланади.

Realme 11 сериясининг халқаро бозорга чиқиши тўғрисида маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас, бироқ ўтган йилги Realme 10 серияси Ўзбекистонгача етиб келганлигини ҳисобга олсак, Realme 11 серияси тез орада бошқа ҳудудлар учун ҳам намойиш қилинишини таҳмин қилишимиз мумкин.