«Galaxy S9+ Mini» – iPhone X дизайнидаги Samsung смартфони тайёр!

  •   DiMaX
  •  2505
  •  13.04.2018 10:27

«Galaxy S9+ Mini» – iPhone X дизайнидаги Samsung смартфони тайёр!

Жанубий кореялик техногигантнинг 2018 йилги флагманлари – Galaxy S9 битта модулли, Galaxy S9+ эса қўш объективли асосий камерага эга. Хитой телекоммуникацион қурилмаларни сертификатлаш маркази – TENAA сайтида эса Samsung’нинг яна бир смартфони ҳақида маълумот жойландики, у мана шу икки моделнинг оралиғидаги қурилма бўлади.

Умуман олганда, Хитой ташкилоти базасида SM-G8850 модел рақами билан қайд этилган ушбу смартфон нафақат Galaxy S9 ва S9+ моделларининг, балки ҳатто iPhone X’нинг ҳам битта муҳим хусусиятини ўзида жамлаган.

ЎҚИНГ: Samsung "ҳамёнбоп флагман"ни қайтармоқчи!

Samsung’нинг ҳали тақдим этилмаган, фақат TENAA сайтида «қўлга тушган» SM-G8850 модели ўзининг ўлчамлари ва хусусиятларига кўра Galaxy S9 флагманига ўхшаш. Фақат унинг асосий камераси қўшалоқлиги – Galaxy S9+ моделига хос жиҳат. Шунинг учунмикан, турли манбалар бу смартфонни «Galaxy S9+ Mini» деб атай бошлашган.

Кўриб турганингиздек, «Galaxy S9+ Mini»нинг 12 мегапикселли бош камераси купертиноликларнинг суперфлагмани услубида. У орқа панелнинг юқори чап бурчагидан ўрин олган, яна объективлари тикка жойлашган. Бармоқ изи сканери эса орқа қопқоқнинг ўртасида, сал юқорироқда кўзга ташланади. Ушбу датчик камерадан узоқлиги қулайлик туғдиради – билмасдан объектив ойнасига тегиб, уни доғ қилиб қўйишдан сақлайди.

TENAA маълумотларига кўра, у Samsung SM-G8850 модели худди Galaxy S9’ники каби – диагоналига 5,8 дюймлик AMOLED-экранга эга. Фақат унинг четлари қайрилган эмас. Гарчи ўзи «Mini» бўлса-да, процессори илғор – у Qualcomm Snapdragon 845 базасида ишлайди.

«Galaxy S9+ Mini» тезкор хотирасининг ҳажмига кўра икки хил – 4 ва 6 гигабайтлик талқинларда чиқарилади. Смартфоннинг «қувват тоши» 3000 мА/соат сиғимга эга бўлиши айтилган. Ушбу моделнинг тақдимот санаси ва нархи ҳозирча маълум эмас. Аммо Samsung’нинг шу пайтгача савдога чиқарилган кўплаб смартфонлари бизнинг юртимизда ҳам сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Бутун Ўзбекистон бўйича етказиб бериладиган Galaxy S9+ ва бошқа Samsung смартфонлари нархлари (2018 йил 2 апрель)