Galaxy S9'нинг муносиб рақибини қарши олинг

Galaxy S9'нинг муносиб рақибини қарши олинг

Жорий йилда "пешонаси"да тирқиши йўқ биргина ҳар жиҳатдан маъқул флагман смартфон тақдим қилинди. Бу -- Samsung Galaxy S9. LG G7 ThinQ ёки OnePlus 6 смартфони ҳам, экран устидаги кесиқни инобатга олмаганда ёмон эмас. Жорий йилда Xiaomi Mi 8 моделида ҳам шундай ўйиқни кўрсак ажаб эмас. Япониянинг Sony компанияси эса доимгидай кучли, аммо дизайни ўтмишга мансуб смартфон тақдим этиш анъанасини бузгани йўқ. Шу боис Кореянинг корпорациясига смартфон ишлаб чиқаришда ҳозирча муносиб "Андроид рақиб" йўқ. Бироқ тез орада бозорда бундай рақиб пайдо бўлади. Бу -- HTC U12+.

Куни кеча таниқли ва "бехато" инсайдер ҳисобланган Эван Бласс (@evleaks) смартфонга оид янги хабарларни эълон қилди. Унга кўра HTC U12+ флагмани энг илғор мобил технологиялар билан таъминланади. Яъни, Samsung Galaxy S9 моделини ҳам доғда қолдиради.

Ўқинг: 4,5 минг долларлик iPhone X тақдим қилинди

Тайванлик бренд 6 дюймли экран учун 2880 га 1440 пиксел (Quad HD+) сиғимли дисплей танлаган. Экран томонларининг нисбати 18:9 ўлчамли бўлади. Бу экран сўнгги айфон каби HDR 10 функциясига эга бўлади. Экран, шунингдек Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қоплаб олинади.

Жорий йилги анъаналар асосида 8 ядроли, 2,8 ГГц частотат тезлигига эга Qualcomm Snapdragon 845 процессори платформадаги муҳим аппарат таъминоти бўлади. График-тасвирларни Adreno 630 видео картаси қайта ишласа, алоқа сифати учун X20 LTE модеми жавоб беради.

6 ГБ тезкор ҳамда 64/128 ГБ доимий хотира кўпчилик учун маълумот сақлашда етарли бўлса керак.

USB Type-C нафақат маълумот алмашиш, балки электр токи сиғими 3500 мА соат бўлган аккумулятор батареясини Quick Charge 3.0 (4.0) технологияси асосида 45 – 55 дақиқа ичида тезкор қувватлаш учун ҳам асқотади.

Янги смартфоннинг муҳим жиҳатларидан бири қўш сенсорли бош камераси бўлади. Бу камера 12 Мп ҳамда 16 Мп сиғимли сенсорлардан ташкил топган. Уларда 2 карралик яқинлаштириб олиш функцияси мавжуд. Бу камерада орқа фонни ғира-шира қилиб ҳам сурат олиш мумкин.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, камера жуда илғор ва кўплаб технологияларни қўллаб-қувватлайди. Смартфон қўш тусли светодиодли фоточақноқ билан таъминланган. Олд камера 8 мегапикселли ва 84 градус остида кенг бурчакли суратлар олади. Олд камерада Face Unlock номли фойдаланувчи қиёфасини сканерлаш технологияси ҳам татбиқ қилинган.

HTC U12+ корпусининг ўлчамлари: 156,6 x 73,9 x 8,7 мм (9,7 мм камера билан), мобил қурилма вазни 188 грамм.


Ишлаб чиқарувчи смартфон IP68 стандарти бўйича сув ҳамда чангдан ҳимояланганини айтмоқда. Смартфон 4G тармоғининг барча стандартларида ҳамда VoLTE овозли тармоқларда ишлайди, Bluetooth 5.0, Wi-Fi 802.11ac (2,4 ГГц + 5 ГГц) ва NFC модулларига эга, Android 8.0 Oreo'нинг ўзлаштирилган HTC Sense тизими билан мақтана олади.

HTC U12+ моделининг энг кенжа талқини учун $749 доллар нарх белгиланади. Юқори талқин эса $829 доллардан сотилади.

Ўқинг: OnePlus 6'да олинган илк суратлар

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!