Galaxy S9 олсамми ёки S9 Plus – "Малика"да яна бош қотди!

Galaxy S9 олсамми ёки S9 Plus –

Қайси бири тезкор? Хотира имкониятлари қандай? Қай бирининг экрани яхши? Сурат олиш имкониятлари бир хилми? Ортиқча пул сарфлашга зарурат борми? Шуларга жавоб топамиз. Қуйида Samsung Galaxy S9 модели "акаси" бўлган S9+ моделига қарши курашиб кўради.

Қайси бири тезкор?

Мана, иккинчи йилдирки, Samsung флагманларининг ҳар иккаласи, яъни уларнинг ҳажмидан қатъиназар бир хил процессор билан таъминламоқда. Улардаги самарадорлик деярли фарқ қилмайди.

Бу флагманларнинг ҳар иккаласи Snapdragon 845 – Qualcomm’нинг сўнгги ва 10 нанометрли кучли мобил платформасига эга бўлган. Европа ва жаҳоннинг аксарият мамлакатларида эса S9/S9+ флагманлари Samsung’нинг ўзи ишлаб чиқарган  Exynos 9810 чипларига эга бўлган. Бу чиплар ҳам самарадорликда юқоридаги Snapdragon 845 билан бир хил.

Хотира

"Plus" моделдаги бош ўзига хослик шундаки, унинг тезкор хотира сиғими 2 гигабайтга каттароқ. Яъни, 6 гигабайтли. Кичик талқинда эса тезкор хотира 4 гигабайтли. Бугунги смартфонлар учун 4 гигабайтли тезкор хотира – етарли. Бундан ошиғи "маркетинг алдови" дейилади. Тезкор хотира қанча катта бўлса, смартфонда бир вақтнинг ўзида кўпроқ иловалардан фойдаланиш имконияти ҳам ошади.

Смартфонларнинг ҳар иккаласида доимий хотира сиғими 64 ёки 256 гигабайтли.

Экран

Смартфонларнинг экранлари 5.8 ҳамда 6.2 дюймли, яъни S7 ва S7+ каби. Уларнинг сиғими quad-HD+. Экранларда видео учун HDR10 ва сифатли овоз учун Dolby Atmos овоз технологияси мавжуд.

Камера

Флагманлардаги иккинчи энг катта фарқ - уларнинг камералари. Кичик талқиндаги бош камера бир сенсорли бўлса, юқори талқинда қўш сенсордан фойдаланилган. Бу камералар Galaxy Note 8 моделидаги каби ишлайди. Унда сифатни йўқотмаган ҳолда 2 карралик оптик яқинлаштириш функцияси мавжуд. Шу билан бирга, орқа фонни ғира-шира қилиб суратга олиш режими ҳам мавжуд.

Гарчи, юқори талқинда сенсор 2 та бўлса ҳам, уларнинг сурат олиш имконияти бир хил. Боиси, смартфонлардаги 12 мегапикселли бош модулларда "ақлли механик апертура" жорий қилинган. Бу қурилма керак вақтда ўз ўлчамини f/2.4 дан f/1.5 ҳажмигача ўзгартиради. Мисол учун, қуёш нури остида f/2.4 ҳажмидаги апертура ишлатилса, ёруғлик паст шароитда апертура ҳажми f/1.5 гача қисқаради. Натижада, ёрқин суратлар олиш мумкин бўлади.

Бироқ, юқори талқиндаги смартфонда мавжуд қўш сенсор, яъни ёрдамчи телефото линзаси орқа фонни профессионал даражада ғира-шира қилиш, сифатли яқинлаштириш ва кенг бурчак остида сурат олиш имкониятларига эга бўлади.

Смартфонларда секундига 60 кадрли одатий 4K видео ёки секундига 960 та кадрли секинлаштирилган видео суратга олиш мумкин. 

Ҳар иккала моделда 8 мегапикселли олд камера мавжуд. Унинг апертура ҳажми f/1.7 стандартли. Олд камерада AR Emoji – фойдаланувчини суратга олиб, унинг виртуал қиёфасини яратувчи технология жорий қилинган.

Аккумулятор

Galaxy S9+ модели 3500 мА соат ток сиғимига эга аккумулятори билан мақтанса, унинг "укаси"га 3000 мА соат сиғимли батарея ўрнатилган. Ҳар иккаласи ҳам симсиз қувватлашнинг Qi технологиясини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, уларни USB-C порти орқали тезкор қувватлаш мумкин.

Samsung Galaxy S9 ва S9+ дизайнидаги ўзига хосликлар

S9 кўринишидан аввалги йилги флагмандан унчалик ҳам фарқ қилмайди. Ҳар иккала смартфон қайрилма шаклдаги шиша панеллар ҳамда IP68 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимоя қилинган юпқа ромли металл корпус билан ўзига хос.

Бармоқ изи сканери бош камера остига ўрнатилгани мақсадга мувофиқ иш бўлган.

Galaxy S9+ модели 189 грамм тош босади, Galaxy S9 эса 163 грамм. Қад-қоматининг йириклиги ҳисобига Galaxy S9+ экрани ҳам каттароқ. Уни бир қўлда бошқариш осон иш эмас.

Ҳар иккала моделни қора, бинафша ранг, кўк рангли корпусларда харид қилиш мумкин.

Нарх-наво ва рақиблар

Халқаро бозорда Galaxy S9 $720, Galaxy S9 Plus $840 доллардан сотилмоқда. Фарқ - $120 доллар.

Samsung Galaxy S9 ҳамда S9 Plus флагманлари бугунги кунда юртимизда ҳам сотилмоқда. "Малика"да Samsung Galaxy S9 vjltkb 6 435 000 сўм, Samsung Galaxy S9+ эса 7 260 000 сўмдан сотилмоқда.

Хўш, 800 минг сўмлик нархдаги фарқда Samsung Galaxy S9 ҳамда Samsung Galaxy S9 Plus талқинларидаги қайси ўзига хос жиҳатлар намоён бўлади? 800 минг сўм ортиқча пул сарф қилиш ёки тежамкорлик билан ёндашиш мақсадга мувофиқми?

Бу пулга iPhone 8 (64Гб, 6 142 000 сўм) ёки iPhone 8+ (64, 7 179 000 сўм) харид қилиш ҳам мумкин.

Хулоса: Samsung Galaxy S9 ёки S9+?

800 минг ортқча сарфлаб сиз:

6% га каттароқ экранга;

50 фоизга қаттароқ тезкор хотирага;

нисбатан яхшироқ камерага;

16 фоизга сиғимдор аккумуляторга эга бўласиз. Агар бу имкониятларга эҳтиёж сезмасангиз, Galaxy S9 ҳам сиз учун айни муддао ва бу ҳам юқори имкониятли смартфон.

Сўнгги хулосани доимгидек ўз ихтиёрингизда қолдирамиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.