Galaxy S9: S8'дан кучли, бироқ анча арзон флагман бўлди

Galaxy S9: S8'дан кучли, бироқ анча арзон флагман бўлди

Жанубий Кореяда Galaxy S9 ва Galaxy S9+ флагманларининг тақдимотидан сўнг бу моделларни тарғиб қилишга мўлжалланган махсус “Galaxy Studios” марказлари ишга туширилди. Samsung бугун маълум қилган хабарларга кўра, 5 кун ичида 1.5 миллион нафардан зиёд томошабин ушбу марказларга ташриф буюрган.

“Galaxy Studios” марказларига ташриф буюрувчилар Galaxy S9 флагманларини қўлга олиб томоша қилишлари ва камера имкониятлари билан яқиндан танишишлари мумкин. Жумладан, ўзларини суратга олиб, секинлаштирилган видео ҳамда "AR Emoji" технологияси ёрдамида шахсий виртуал қиёфаларини яратишлари мумкин.

Samsung 2 мартдан бошлаб йирик етказиб берувчиларнинг ҳамда бренд ишқибозларининг мазкур моделларга буюртмаларини қабул қилмоқда. Флагманлар 19 март куни Корея Республикасида сотувга чиқарилади.

Samsung'нинг янги флагманлари 5,8- ҳамда 6,2 дюймли, ромдан холи бўлган Super AMOLED матрицали, ён томонга қайрилган дизайндаги Quad HD+ (2960 × 1440 пикселли) сиғимли экранга эга бўлган. Бу смартфон ҳозирда энг кучли Snapdragon 845 чипсети ҳамда илғорлашган камера технологияси билан ўзига хос.

Айтиш жоизки, Snapdragon 845 процессори ўзининг «аждоди» бўлмиш Snapdragon 835 чипидан 35 фоизга самарали фаолият кўрсатади.

Galaxy S9 ва S9 Plus камераларида ўрнатилган механик апертура, яъни ёруғликни тақсимлайдиган мослама ҳали бирор флагманда кузатилмаган. Бунда апертура мосламаси сурат олинаётган шароитдан келиб чиқиб f/1.5 ва f/2.4 оралиғидаги стандартни мустақил белгилайди. Натижада, ёруғлик паст шароитда ҳам ISO меъёрида бўлиб, сурат яхши чиқади.

Энг қизиқ жиҳати, Samsung бу гал нарх масаласида анча ён берган. Мисол учун, S8 моделлари аввалги флагманларга нисбатан 100 долларга қимматлашган эди. Samsung Galaxy S8 $799 доллар, S8 Plus — $899 доллардан сотувга чиқарилган эди.

S9 модели эса $720 доллар ҳамда S9+ модели $840 доллар баҳосида савдога чиқарилади. Шундай бўлса ҳам, савдо кутилганидек бўлмаслиги мумкин. Samsung ҳозирча аввалдан буюртма натижаларини эълон қилгани йўқ. Ваҳоланки, Samsung Galaxy S8'га аввалдан буюртма олишни бошлаганидан 4 кун ўтиб, 550,000 та Galaxy S8 буюртма қилинган.

Мавзу:

#Galaxy S9

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.