Galaxy S9/S9+ : суперфлагманларнинг сири!

Galaxy S9/S9+ : суперфлагманларнинг сири!

Samsung компанияси шу йилнинг февралида тақдим қилган Samsung Galaxy S9 ва S9+ флагманлари энг яхши камера, сунъий ақл технологиясига ҳамда кучли ҳимояланган тизимга эга бўлгани билан аввалги флагманлардан ажралиб туради. 2018 йилнинг эгизак флагманлари бир-бирларидан ўлчамлари, камералари ҳамда хотира сиғимлари билан ажралиб турадилар. Samsung Galaxy S9+ модели 6 гигабайтли тезкор хотирага эга бўлган бўлса, Galaxy S9 — 4 гигабайтли тезкор хотира билан таъминланган. Galaxy S9+ бош камераси эса қўш экани билан ўзига хос: 12+12 Мп; Galaxy S9 — бир дона, 12 мегапикселли камера моделига эга бўлган.

Дизайн, камера, аниможи технологиялари – булар бари ўзига хос ва янгилик. Шу билан бирга, корпусда ўрин олган кучли процессорнинг нималарга қодирлиги барча учун қизиқ.

Кириш

Samsung компанияси 2017 йилда ўзининг смартфон туркумларини қайта тартиблашга киришди. "Чегарасиз дисплей"ли S8 модели билан компания рақиби Apple'га қарши аёвсиз кураш бошлади. Samsung ҳаракатлари натижасида 2017 йил компания учун омадли келди. 321 млн дона смартфон сотган кореялик бренд жаҳон смартфон бозоридаги гаджетларнинг 20,9 фоизига эгалик қилди ва пешқадам бўлди. бу натижада Samsung флагманларининг юқори савдоси алоҳида ўринга эга бўлган.

Компания сўнгги йилларда смартфонларидаги дизайн ҳамда камера технологиясига катта сармоя киритмоқда. Galaxy S7 Edge ва S8 моделлари ана шу ҳаракатлар натижасида оммалашди. Samsung Galaxy S9 флагмани ҳам такомиллашган дизайн ва камера технологиясининг меваси. S9/S9+ флагманлар бозоридаги рақобатни янада кучайтирди.

Харидорлар учун S9/S9+ моделлари бир қарашда S8/S8+ моделларининг бир оз ўзгарган талқинлари бўлиб кўриниши мумкин.

Дизайн, ўлчам ва бошқарув элементлари

Samsung компаниясининг бу флагманларига хос дизайн эҳтимол ёқар ёки йўқ. Бироқ, айтиш керакки, бу дизайн ўзига хос ва муқобили йўқ. Қайрилма ёнли телефонлар бугунги куннинг тренди бўлди.

Рақобатчи дизайн ечими бўлмагани учун ҳам Samsung янгича дизайнни ишлаб чиқишни маъқул кўрмади. Ташқи томондан S9/S9+ моделлари Note 8 шаклига ўхшаб кетади. Фақат улардаги корпус бир оз тўғри бурчакли.

Аввалги авлод девайсларида ўрнатилган бармоқ изи сканерининг ноқулайлиги бартараф қилинган ва бу гал орқа панел маркази, бош камера остига жойлаштирилган. Хатолар устида ишлаш ана шундай бўлади.

IP68 ҳимоя гувоҳномаси смартфонни сув ва томчи таъсиридан тўлиқ ҳимоя қилади. Стереодинамиклар – бу жиҳат аппаратнинг муҳим ўзига хослиги бўлиб, аввалги авлод смартфонларида бундай технология жорий қилинмаган эди. AKG (бу бренд Samsung компаниясига қарашли) карнайларидан тараладиган овоз S8 моделиникидан баланд, овоз сифати юқори. Овознинг тиниқлиги ва стерео сифатини дарров пайқаш мумкин.

Смартфонлар эргономикаси, яъни корпус шаклдорлиги сақлаб қолинган ҳамда телефон аппарати қўлда яхши жойлашади. 

S9 ҳамда S8 олд панелларидаги ўзгаришлар юқори бўлмаса ҳам, фарқлар бор. Кўз сканерининг туйнуги кўринмас қилинган.

Дисплей

Note 8, S8/S8+ "истараси" янги флагманларда такрорланган. Экран қувватни тежаш технологиясига, остки ёритиш тизимининг мослашувчанлиги, суратни таҳлил қила олиши ҳамда янги авлод вакили экани билан аввалги экранлардан ажралиб туради. Фойдаланувчилар тилидан айтганда, бу смартфон саноатидаги энг яхши экранлардан бири.

S9 моделида экран диагонали  – 5.8 дюйм, юқори аппаратда эса – 6.2 дюйм. Аввалги авлод каби матрица SuperAMOLED ҳамда пикселлар сиғими QHD+. Дисплей ўлчами эса 18.5:9 нисбатли. Аппаратнинг орқа ва олд панелларида иккита RGB-датчик бўлиб, улар экраннинг автоматик равишда ёруғликка эга бўлишини таъминлайдилар.

Дисплейни қўлда қўлқоп кийган ҳолатдаям бошқариш мумкин. Бунинг учун мазкур функцияни созламалар орқали ёқиш керак.

Экран қуёш остида ҳам аниқ-равшан кўринади ва сурат ёрқинлигини йўқотмайди.

AlwaysOn Display режимида экранда соат, сурат ёки огоҳлантиришлар мунтазам акс этиб туради. Рақиблар ҳозирча бундай илғор жиҳатни ўзлаштира олганлари йўқ.

Экраннинг пикселлар сиғимини ўзгартириш ҳам мумкин. Мисол учун, QHD+ сиғимни FHD+ қилиш мумкин. Шунда ҳам экрандаги фарқни кўриш қийин. Бироқ QHD+ сиғим, айниқса VR-шлемдан фойдаланганда қўл келади.

Аккумулятор

Бу масалада ҳеч нима ўзгармаган, флагманларга бу гал ҳам 3000 ҳамда 3500 мА соат ток сиғимига эга Li-Ion батареялар ўрнатилган. Android 8.0 Oreo тизимида ишлайдиган флагманлар учун бундай электр сиғими айни муддао. Тезкор қувватлаш смартфонларни 70 ва 80 минут ичида тўлиқ қувватлш имконини беради. Шу билан бирга, уларни симсиз ҳам тезкор қувватлаш мумкин.

Янги ва илғор чипсета эвазига S9/S9+ моделларининг тўлиқ қувват билан ишлаш вақти ошган. Экрандан 4-6 соат фаол фойдаланган тақдирда, тўлиқ қувват билан флаганманлардан ўртача бир сутка бемалол фойдаланиш мумкин.

Қолаверса, смартфонларнинг LTE тармоғидаги фаолияти учун сарф қилинадиган қувват ҳажми ҳам анча камайган. Мисол учун, S8+ моделида 1 гигабайтли маълумотни юбориш учун 7% қувват сарф қилинган бўлса, S9+ батареясидан бунинг учун бор-йўғи 4% ток кетди.

Функциялар орасида қувватни тежаш режимлари ҳам бор.

Хотира, чипсет ҳамда самарадорлик

S9 моделининг бошланғич талқинида 4 гигабайтли тезкор хотира мавжуд. Доимий хотира сиғими эса 64 гигабайтли. Қўшимча бўлмача 400 гигабайтгача бўлган хотира картасини қўллаб-қувватлайди.

S9+ эса 6 гигабайтли тезкор ҳамда 64 гигабайтли доимий хотирага эга бўлган. Ҳар бир моделда 128 ва 256 гигабайтли доимий хотира талқинлари ҳам мавжуд.

АҚШ ва Хитойда флагманларнинг Snapdragon 845 чипсетига эга талқинлари сотилади. Бу флагманларга қадар ҳеч бир смартфон бу илғор чипга эга бўлмаган эди. Qualcomm маълум қилишича, илғорлик мисли кўрилмаган даражада ошган.

Жаҳон миқёсида танилган AnTuTu бенчмарки натижаларига кўра, Exynos 9810 чипига эга Samsung Galaxy S9 модели 241470 балл тўплаган. Samsung Galaxy S9 Plus модели смартфонларнинг самарали ишлашини баҳолайдиган AnTuTu бенчмаркида 265,267 балл тўплаган. Samsung Galaxy S8 смартфони 205,284 балл тўплаган эди.

Бу флагманлар ҳозирда сайёрамиздаги энг самарали ишлайдиган мобил алоқа воситаларидан саналадилар. Маълумотларни 10 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайдиган Qualcomm Snapdragon 845 чипи Андроид смартфонлар учун энг зўри.

 

Алоқа имкониятлари

Смартфонларнинг илғор LTE cat.18 тармоғини қўллаб-қувватлаши мобил операторларга боғлиқ. USB 3.1 (Type C), Bluetooth 5.0, aptX овоз технологиялари диққатга сазовор.

Симсиз интерфейс сифатида такомиллашган ва янги алгоритмларга эга бўлган Wi-Fi тармоғини айтиш мумкин. 

Bluetooth 5.0 стандартининг Bluetooth 4.2’дан асосий фарқлари – маълумот узатиш тезлигининг икки карра ҳамда Low Energy (LE) режимида амал қилиш радиусининг тўрт карра юқорилиги ҳисобланади. Булардан ташқари, Bluetooth 5.0’да битта модулга бир вақтнинг ўзида амалга ошириш мумкин бўлган уланишлар сони саккиз каррага оширилган.

Умуман олганда, смарфтонлар LTE , Wi-Fi (802.11 a/b/g/n/ac), Bluetooth 5.0, ANT+, NFC, GPS+ГЛОНАСС каби тармоқларда ишлайди.

Камера

Samsung Galaxy S9 ҳамда S9 Plus флагманлари тақдим этилиши билан экспертлар унинг ўзига хос жиҳатларини, хусусан камерасини синовдан ўтказиб кўришди. Боиси, камера "байроқдор"нинг муҳим жиҳатларидан бири.

Флагманларда суратни қайта ишлаш учун янги сенсор чипи ўрнатилган. Samsung Galaxy S9 ва S9 Plus корпусида суратни қайта ишлашга мўлжалланган янги процессор ўрнатилган. Бу чип бир сонияда суратга олинган 12 та кадрни қайта ишлаб, ҳар биридан энг яхши жиҳатларини олиб, улардан яхлит сурат ҳосил қилади. Натижада, сурат ёрқин акс этади.

Механик диафрагма

Бу технология Samsung’нинг (ва камерафон саноатининг) муҳим янгилиги экани айтилмоқда. Гап шундаки, Galaxy S9 ва S9 Plus камераларида ўрнатилган механик апертура, яъни ёруғликни тақсимлайдиган мослама ҳали бирор флагманда кузатилмаган.

Сурат олиш жараёнида 3 омилнинг ўрни юқори:

- ISO (сенсорларнинг сезгирлиги);

- камера модулининг тезкорлиги (камера сенсорининг ёруғликка таъсирчанлиги);

- апертура, яъни ёруғлик тақсимловчи мосламанинг ёруғликни қамраб олишдаги маҳорати. Буларнинг ҳар бири сўнгги натижага муҳим таъсир кўрсатади.

Агар ISO даражаси ошиб кетса, суратда "шовқин" кўпаяди. Агар камера модулининг тезкорлиги паст бўлса, тасвир хира бўлади ёки апертура ҳажми керагидан катта бўлса, тасвирдаги аниқлик йўқолади.

Аксарият смарфтонлар ISO даражасини ва камера модулининг очилиб-ёпилишини назорат қила олишади. Бироқ, ҳали бирор смартфонда ёруғлик мосламасини бошқариш имкони йўқ эди. Samsung Galaxy S9 моделлари ана шу имконсизликка барҳам берди. Буни компания "қўш апертура технологияси" деб номлаган.

Бунда апертура мосламаси сурат олинаётган шароитдан келиб чиқиб f/1.5 ва f/2.4 оралиғидаги стандартни мустақил белгилайди. Натижада, ёруғлик паст шароитда ҳам ISO меъёрида бўлиб, сурат яхши чиқади. Агар фойдаланувчи ёруғлик яхши шароитда фокусни катталаштириб, кенг бурчакли сурат олиш истагида бўлса, камера апертураси автоматик равишда f/2.4 стандартига созланади. Ва, ёрқин сурат муҳрланади.

Қуйидаги суратларда мазкур технология имкониятлари акс этган тасвирларга баҳо беринг.

Юқоридаги суратларда кўриниб турибдики, Samsung'нинг янги смартфонлари "шовқин"дан анча холи. Селфи суратларда бу камчилик бир оз сезилиши мумкин. Galaxy S9 Plus нималарга қодир эканига тез орада гувоҳ бўламиз.

Super slow motion

Samsung Galaxy S9 смартфонлари камерасидаги "DRAM" технологияси секундига 960 кадрни муҳрлаш имконини беради. Бундай имконият ҳали бирор смартфонда йўқ. Шунингдек, бу технология ёрдамида олинаётган тасвир фонига мусиқани автоматик равишда ҳам қўйиш мумкин.

Galaxy S9+ бош камераси қўш: 12+12 Мп; Galaxy S9 — бир дона, 12 мегапикселли камера модулига эга бўлган. Смартфонларнинг селфи камераси iPhone X'нинг олд камераси билан беллаша олмайди. Сабаби, бу флагманларда одмигина аввалги 8 мегапикселли модул танланган. Plus модел S9'га қараганда яхши суратга олади ва тасвир сифатини сақлаган ҳолда 2 карралик оптик яқинлаштириш функцияси билан таъминланган.

Қўшимча ...

Қолаверса, флагманларда жорий қилинган AR-эможи функцияси фойдаланувчининг қиёфасидан келиб чиқиб шахсий эможиларни яратиш имконини беради. iOS операцион тизимида Animoji функцияси тақдим этилгач, Samsung бундан илҳом олиб AR-эможи, яъни сунъий воқелик эможиларини яратиш технологиясини ишлаб чиққан. Натижада, олд камера фойдаланувчининг кайфиятини ўзининг қиёфасига яқин бўлган аксда ифодалаб беради. Бу қиёфаларнинг кийими ва бошқа жиҳатларини ўзгартириш мумкин.

Маълум қилинишча, Samsung Galaxy S9 ва S9+ флагманларида татбиқ қилинган юз-қиёфани текшириш сканери ишлаши ва хавфсизлигига кўра iPhone X смартфонида жорий қилинган сканердан анча илғор.

S9 камераси белгиларни таржима қилиш ва бумлар ҳақида маълумот бериш функциясига ҳам эга бўлган. Сиз камерани бирор буюмга қаратсангиз, смартфон сизга уни таржима қилиб беради. Ҳозирча камера Google Translate оқрали 54 та тилга таржима қила олади.

Facial recognition - қиёфани таниш

Samsung аввал ҳам, биринчи бўлиб Galaxy смартфонларига қиёфани таниш сканерини татбиқ қилган бўлса ҳам, iPhone X’дан сўнг бу технологияни ривожлантиришдаги рақобат янада кучайди.

"Сунъий ақл"га асосланган қиёфа ва кўзнинг рангдор пардасини ёки бармоқ изини сканерлаш тизими смартфон тизимини кучли ҳимоя билан таъминлайди.

Нарх-наво 

Смартфонлар қора, кўк, сиёҳ ранг ва кулранг корпусларда ишлаб чиқарилади. Улар 16 мартдан бошлаб сотувга чиқарилди. S9 модели $720 ҳамда S9+ $840 доллар баҳосида сотилиши айтилган эди.

Бугунги Samsung Galaxy S9 юртимизда ўртача 5 289 000 сўмдан, Samsung Galaxy S9+ (64 GB) модели эса 6 109 000 сўмдан сотилмоқда.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 4 209 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 4 885 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 6 340 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!