Galaxy S9 Samsung'ни хатоси бўлиши мумкин

Galaxy S9 Samsung'ни хатоси бўлиши мумкин

АҚШ дан ташқари жаҳоннинг барча давлатларидаги смартфон бозорида жадал ўзгаришлар содир бўлмоқда. Америкаликларни ҳозирча айфон смартфон моделига содиқлик кайфиятидан чалғитиш осон иш эмас. Хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчилари, жумладан Xiaomi, Huawei, Oppo ҳамда Vivo брендлари Жанубий Корея, Япония, Европа ва бошқа ҳудудлардаги ишлаб чиқарувчиларни бозорлардан сиқиб чиқаришмоқда. Ҳатто Samsung ҳам бу рақобатга дош бера олмаяпти. Экспертларнинг фикрича, бу йилдан компаниянинг смартфон саноатидаги имкониятлари янада қисқарди. Боиси, компания смартфон ишлаб чиқариш сиёсатига бир оз ўзгартириш киритди.

Шу йилнинг февралида ўтказилган MWC 2018 анжуманида Samsung расман бундан кейин компания мобил алоқа қурилмаларида янги технология ва муҳандислик ечимларини биринчи бўлиб татбиқ қилмаслигини эълон қилди. Яъни, энди компания смартфонларида синовдан ўтган ва сифатли ишлайдиган технологияларни жорий қилади.

Эсингизда бўлса, қиёфани таниш технологиясини биринчи бўлиб Samsung илгари сурган бўлса ҳам, Apple уни маромига етказган компания сифатида тан олинди.

Жанубий кореялик компания энди мобил маҳсулотларининг сифати учун курашади. Янги технологиялар сони эса қисқаради ва таваккалчиликка йўл қўйилмайди.

Samsung компаниясининг фикрича, Galaxy S9 смартфони ва унинг юқори талқинида асосий эътибор сифатга қаратилган. Компания шу вақтгача янги технологиялар ортидан қувиб бу тамойилни эсдан чиқариб қўйган. Энди эса ишлаб чиқарувчи ўз ишқибозларига сифатли маҳсулот етказиб беради.

Компания раҳбариятининг маълум қилишича, компания айнан шу сиёсат боис ҳам бу йил янги флагманларининг экранида виртуал сканерни жорий қилмади.

Бунинг ўрнига Samsung компанияси эътиборини ўтган йилги Galaxy S8 флагманига қаратди ва унинг камчиликларини тузатишга, такомиллаштиришга ҳаракат қилди. Шундай бўлса ҳам, бу йилги флагманларга бўлган эҳтиёж S8 моделига қараганда 40 фоизга камроқ.

Бунинг бош сабаби эса смартфон нарх-навоси. Афтидан, Samsung компанияси раҳбарияти "сифатли мол қиммат бўлиши керак" деган қарашдан воз кечмаган кўринади. Шу боис ҳам, халқаро бозорда Galaxy S9 модели 1050 АҚШ доллари, Galaxy S9+ эса 1177 АҚШ долларидан бошлаб сотилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, Galaxy S9 бошига ҳам iPhone X куни келиши, компания нарх сиёсатини ўзгартимаса аттанг қилиб қолиши мумкинлигини айтишмоқда. Боиси, тез орада унинг рақиблари худди шу имкониятли смартфонларни анча арзон нархга сотувга чиқарадилар.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавзу:

#Galaxy S9

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.