Galaxy S9 ва Razer Phone’ни «ер тишлатувчи» қудратли смартфон эълон қилинди!

  •   DiMaX
  •  2186
  •  27.03.2018 13:24

Galaxy S9 ва Razer Phone’ни «ер тишлатувчи» қудратли смартфон эълон қилинди!

Ўтган йилнинг иккинчи ярмида илк ўйинбоп смартфон – Razer Phone русумли бақувват қурилма тақдим этилган ва савдога чиқарилган эди. Бу йилги MWC 2018 анжуманида эса Samsung ундан ҳам кучли Galaxy S9 флагманини намойиш этди; бу гаджет ҳам аллақачон дунё бўйлаб катта талаб билан сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Galaxy S9 ва бошқа Samsung смартфонлари нархлари (2018 йил 23 март)

Аммо айни шу Mobile World Congress 2018 кўргазмасида иштирок этган ZTE корпорацияси ҳам геймер-смартфон тайёрлаётгани ҳақида маълум қилган эди. Хитойлик компания ўзининг бу смартфони нафақат Razer Phone’дан устун эканлиги, балки ишлаш самарадорлиги бўйича ҳатто Samsung Galaxy S9 флагманини ҳам «ер тишлатиши»ни айтиб мақтанганди.

Бугун эса ZTE’нинг шу гаджети ҳақида илк маълумотлар пайдо бўлди – унинг номи Nubia Red Dev экан. Бу ҳақда корпорация раҳбари Weibo ижтимоий тармоғидаги ўзининг расмий аккаунти орқали хабар берган. ZTE жорий йилнинг февраль ойи охирида Барселонада айни шу смартфоннинг прототипини кўрсатган экан.

ЎҚИНГ: AuTuTu’да янги рекорд: дунёдаги энг қудратли смартфон энди iPhone X эмас!

Nubia Red Dev ўйинбоп смартфони 2,8 ГГц такт частотали саккизта ядрони ҳамда Adreno 630 график тезлатгичини ўз ичига олган илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди. У нафақат 8 гигабайтлик тезкор ва 128 гигабайтлик доимий хотираси билан, балки бетакрор корпуси билан ҳам ҳайратга сазовор.

Ишлаб чиқарувчи ушбу смартфонининг корпусини тайёрлашда керамика, алюминий ёки шишадан эмас, балки углеродли наноматериалдан фойдаланган. Бу материал ичкаридан чиқадиган иссиқликни самарали тарзда тарқатиши шарофати билан, ўйинбоп смартфон ҳар қандай қувват билан ишлатилганида ҳам мутлақо қизимайди.

Булардан ташқари, ZTE вакиллари аввалроқ таъкидлаганларига кўра, уларнинг Galaxy S9 ва Razer Phone’дан устун келувчи мазкур топ-смартфони шу пайтгача ҳеч ким телефонда қўлламаган инновацион совитиш тизими билан ҳам мақтана олади.

ZTE ўйинбоп Nubia Red Dev смартфонини апрель ойида расман намойиш этишни кўзлаяпти, яъни тақдимотгача оз вақт қолди. Унинг нархи ва бошқа хусусиятлари ҳақида ҳозирча бошқа маълумот йўқ. Лекин бир нарса аниқ – Xiaomi ҳам тез орада ўзининг Blackshark номли илк геймер-смартфонини бозорга чиқармоқчи. Демак, «Қора акула» билан «Қизил иблис» деярли бир вақтда аренага тушади ва бу икки хитойликнинг ўзаро рақобати қизиқарли кечади. Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қатори бохабар бўлиш учун биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Xiaomi "байроқдор" ўйин-смартфони ҳақида эълон қилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!