Galaxy'лар учун One UI 5.0 синови бошланмоқда

Galaxy'лар учун One UI 5.0 синови бошланмоқда

Google ўзининг Android операцион тизими бу йилги янгиланиши устида жуда актив ишламоқда. Android 13 нинг илк превюси шу йилнинг феврал ойида чиқарилган бўлса, ҳозирда у оммавий бетада синалмоқда. Компания янгиланишнинг барқарор версиясини августда чиқаришни режалаштирган, бу эса ўтган йилги Android 12 нинг октабрда чиқарилишига қараганда анча эртароқдир.

Samsung ҳам Android янгиланиши билан бир қаторда ўзининг Galaxy смартфонлари учун One UI қобиғини янгилаб боради. Компания ўтган йили Android 12 чиқарилганидан бир ойларча ўтиб, ўзининг One UI 4.0 янгиланишини тарқатишни бошлаган эди. Бу сафарги Android 13 эса аввалгисига қараганда эртароқ келар экан, Samsung ҳам ўзининг навбатдаги One UI 5.0 янгиланишини шунга қараб чиқаради.

SamMobile нашрининг эксклюзив хабарларига кўра, Samsung ўзининг Galaxy'лари учун One UI 5.0 нинг очиқ бета версиясининг келаётган июл ойининг учинчи ҳафтасидан, яъни 18 июлдан бошлаб чиқаради ва бунда Galaxy S22 сериясидаги смартфонлар уни энг биринчилардан бўлиб қабул қилади. Сўнгги версиясидаги флагманлардан кейин эса қамров Galaxy Z Fold 3 ва Galaxy Z Flip 3 букламафонлари билан кенгайтирилиши мумкин.

One UI 5.0 қандай ўзгаришларга эга бўлиши ҳозирча номаълум, лекин интерфейсни персоналлаштиришда бир қанча яхшиланишлар кутилмоқда. Барқарор версиядаги One UI 5.0 таҳминан сентабр ёки октабрда чиқарилиши мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung яна бир Galaxy моделининг 5G версиясини тақдим этади