Гигантларни Конгрессда «жиз-биз қилишди»!

Гигантларни Конгрессда «жиз-биз қилишди»!

Чоршанба куни бўлиб ўтган онлайн Конгресс эшитишида АҚШнинг энг йирик технология компаниялари раҳбарлари «ҳаддан ташқари кўп қудрат»га эга эканлиги, сиёсий нутқни цензура қилаётгани, ёлғон хабарлар тарқатиб, Америка иқтисодиёти асосларига болта ураётганлиги таъкидланди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

Amazon раҳбари Жефф Безос, Apple раҳбари Тим Кук, Facebook раҳбари Марк Зукерберг ва Google'нинг она компанияси Alphabet раҳбари Сундар Пичаилар Монополияга қарши кураш қуйи қўмитасининг суд бўлими палатаси аъзолари иштирокида Вашингтонда бўлиб ўтган тарихий эшитишда қатнашди ва ҳам демократ, ҳам республикачи сиёсатчиларнинг шиддатли саволларига жавоб қайтаришларига тўғри келди.

Қуйи қўмита бир йилдан ошиқ вақтдан буён ушбу компанияларнинг онлайн оламдаги доминантлиги борасида суриштирув ишларини олиб бормоқда ҳамда шунга алоқадор 1.3 миллион ҳужжат тўплаб, юзлаб соат миқдоридаги интервьюлар ўтказиб келмоқда. Эшитиш бошланишининг илк дақиқалариданоқ қуйи қўмита раиси Девид Ситсиллин жанговар оҳангда сўз бошлаб, компанияларни ўзлари фаолият юритиб келаётган соҳаларда монополликда ва рақобатни йўққа чиқаришда айблади. Техногигантлар устидан қилинган шикоятлар турлича бўлди, аммо умумий айбловлар уларнинг ўз доминант позициясидан фойдаланиб, рақибларни четга чиқаргани ва компаниялар хизматига таянувчи бизнеслардан ҳаддан ташқари кўп ҳақ талаб қилганлиги борасидаги айбловлар бўлди.

«Аждодларимиз қирол олдида ҳам бош эгамасди, — деди род-айлендлик демократ. — Биз ҳам онлайн иқтисод императорлари олдида бош эгмаслигимиз керак». Республикачилар эса эшитиш давомида мавзуни монополиядан консерваторларга қарши тарафкашлик борасидаги даъволарга буриб, платформаларни консерваторлар овозини ўчириб қўйиш ҳамда Доналд Трампнинг 2016 йилги сайловлардаги ғалабасини барбод қилишга уринишда айблади.

Google ва Facebook ўзларининг бизнес амалиётлари борасида ўта оғир саволларга юз тутди. Саволлар беришни Ситсиллин бошлаб берди ва Google'нинг кичик бизнесларни сотиб олиб, ўз таркибига қўшиб олгани борасидаги даъволарни ўртага ташлади. Компания Бош ижрочи директори Пичаи жаноб Ситсиллиннинг Google Yelp'га жойлаштирилган шарҳларни кўчириб олиб, ўз саҳифасига жойлаганлиги борасидаги саволига жавоб беришда қийналди. Yelp Google'дан ушбу ҳаракатини тўхтатишни сўраганида, Google Yelp'ни қидирувлар натижасидан бутунлай олиб ташлаш билан қўрқитгани айтилди. Ситсиллин бундай хатти-ҳаракатни интернетдаги бошқа компаниялар учун «иқтисодий талафотли», деб атади. «Далиллардан аниқ кўриниб турибдики, Google интернетга «дарвоза» бўлиб қолиши биланоқ ўз қудратини суиистеъмол қила бошлаган», деди Ситсиллин.

Facebook'дан эса 2012 йилда Instagram'ни сотиб олгани борасида қайта-қайта саволлар сўралди. Конгресс вакили Жерри Надлер Facebook Instagram'ни рақобатни йўқ қилиш учун сотиб олганидан дарак берувчи ички ҳужжатларга ҳавола келтирди ва компаниянинг бу ҳаракатини антимонопол қонунларга қарши, деб атади.

Зукерберг эса хариддан мақсад тез ўсиб борган Instagram'га ўз инфратузилмасини қуриш ва тармоқнинг хавфсиз бўлишига ёрдам бериш бўлганини таъкидлади. Зукерберг ва Пичаи республикачилар зарбасига учради. Улар бу икки компанияни консерваторларга қарши тарафкашликда қайта-қайта айблашди. Республикачилар вакили Жим Сенсенбреннер Зукербергдан нима учун консерваторлар Facebook'да «цензура қилиниши» ҳақида сўради ва Кичик Доналд Трамп [Доналд Трампнинг ўғли] нотўғри маълумотли видеони платформага жойлагани учун тармоқда блоклаб қўйилганини айтди. Зукерберг бунга жавобан ушбу воқеа Facebook билан эмас, балки Twitter билан содир бўлганини тушунтирди.

Безосга эса унча кўп савол берилмади, чунки унинг қурилмасида техник муаммолар юзага келди ва видео сифати ўта паст эди. Демократ Прамила Жаяпал Безосни сўроққа олиб, компания савдо борасидаги қарорларни амалга оширишда учинчи томон сотувчилар маълумотларидан фойдаланадими-йўқми, шунга ойдинлик киритмоқчи бўлди. Бундан олдинги эҳситишда Безос онт ичиб, компания бундай қилмаслигини айтганди, аммо кейинроқ берилган хабарда унинг айтганлари ёлғон эканлиги таъкидланганди.

Дунёнинг энг бой одами бўлган Безос ўз нутқи аввалида ўз ҳаётий ҳикоясини сўзлаб берди ва у дунёга келганида онаси 17 ёшли мактаб ўқувчиси бўлгани, тутинган отаси эса кубалик иммигрант эканлигини сўзлади. Безос, шунингдек, «Amazon муваффақияти тақдирга олдиндан битиб қўйилган»ини айтди ҳамда охирги ўн йил ичида компания АҚШ иқтисодиётига 270 миллиард сармоя киритгани ва юз минглаб иш ўринлари яратганини эслатиб ўтди.

Зукерберг ҳам Facebook ҳозирги даржасига америкача йўл тутиб эришганини билдирди:

«Биз нолдан бошлаганмиз ва одамларни яхшироқ маҳсулотлар билан таъминлаб келяпмиз. Тушунишимча, қонунларимизга кўра, бирор бир компания шунчаки йирик бўлгани учун ёмон отлиқ бўлиб қолмайди. Кураша олмаган кўплаб йирик компаниялар барбод бўлади», деди у.

Apple раҳбари Кук ҳам Жоржия штати вакили Xанк Жонсон томонидан сўроққа тутилди. Жонсон Apple ўз иловаларини App Store'га жойлаётган дастурчиларга иловаларни кўриб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берилмаслигидан норози эканлигини билдирди. «Қоидаларни ишлаб чиқасиз ва улар исталган пайт ўзгариши мумкин. Apple дастурчилардан бу ўзгаришларга кўникишни ёки App Store'ни тарк этишни талаб қилади. Бу жуда катта куч», деди у.

Кук App Store монопол эмаслигини билдириб, аксарият дастурчилардан ҳеч қандай тўлов олинмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, App Store'даги иловаларнинг 84% идан Apple ҳеч қандай ҳақ олмайди ва комиссия олинувчи иловалар тўлайдиган фоиз миқдори эса 2008 йилдан бери ўзгармаган.

Ҳам республикачилар, ҳам деморкатлар йирик технокомпаниялар қудратини танқид остига олди.

ЎҚИНГ: PUBG Mobile, AliExpress ва яна уч юзта хитойча илова хавф остида!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!