GlassWire – Android’да интернет-трафикни кузатувчи дастур

  •   DiMaX
  •  2626
  •  10.04.2017 10:48

GlassWire – Android’да интернет-трафикни кузатувчи дастур

Билсангиз керак – Android’нинг ўзидаги трафик мониторинги функцияси фақат энг умумий маълумотларни кўрсатади – трафикни ишлатаётган дастур номи ва юкланган мегабайт миқдорини.

Агарда сизга шу интернет-трафик айнан нималарга сарфланаётганини билиш муҳим бўлса, унда GlassWire дастурини олиб ўрнатишни тавсия этамиз. У ҳар қандай дастурнинг интернетдан фойдаланаётганлигини шу вақтнинг ўзида – реал вақт режимида кузатиб бора олади.

GlassWire нафақат мобиль тармоқ, балки  Wi-Fi орқали фойдаланилаётган интернетни ҳам ҳисоблаб туради. Ҳатто айрим иловалар қисқа муддатга озгина трафик ишлатса ҳам, GlassWire буни қайд этади. Айримларининг фон режимида интернет орқали қандайдир маълумотлар олди-берди қилаётганини кўриб ҳайрон қолишингиз мумкин.

Реал вақт режимида трафик таҳлилидан ташқари, GlassWire маълум бир вақт – кун, ой, йил давомидаги маълумотлар узатиш статистикасини ҳам кўрсатади. Шунингдек, тармоқ орқали қилинган энг муҳим ишлар қайд этилган лог ҳам юритилади.

Интернет-провайдер тақдим этган трафик лимитидан ортиқ ишлатиб қўймаслик учун, GlassWire дастурида тарифингизни кўрсатиб қўйишингиз мумкин. Мегабайтлар миқдори ўша чегарага яқинлашганида, мазкур илова сизга бу ҳақда хабар беради. Шу йўл билан сиз ўз лимитингиздан ортиқ интернет ишлатишни чеклаб қўйсангиз бўлади.

Булардан ташқари, GlassWire’дан қўшимча хавфсизлик жиҳози сифатида ҳам фойдаланиш имкони бор. Яъни, агарда ўзингизга нотаниш иловалар мунтазам тарзда интернет орқали маълумот узатаётган ва қабул қилаётган бўлса, GlassWire орқали аниқлаб, уни ўчириб ташлашингиз мумкин.

Ниҳоят энг ёқимли жиҳати – GlassWire бепул бўлса ҳам ичида рекламаси йўқ, Android 4.4 ва ундан кейинги тизимларда ишлай олади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!