Gmail’нинг фаол фойдаланувчилари 1 миллиарддан ошди

Gmail’нинг фаол фойдаланувчилари 1 миллиарддан ошди

Google 2015 йилнинг сўнгги чорагида кўрган даромадларига оид янгиликларда Google Mail – бепул почта хизматининг ойлик фаол фойдаланувчилари сони 1 миллиарддан ошганини маълум қилган. 2015 йилнинг май ойида компания бу почта хизматидан 900 миллион киши мунтазам фойдаланишини хабар берган эди. 2012 йилда эса Gmail фойдаланувчилари 425 миллионни ташкил қилган.

Gmail бу кўрсаткичлари билан Google’нинг бир миллиард мунтазам фойдаланувчига эга олтита – “Search” қидирув тизими, “Chrome” браузери, “Android” операцион тизими, “Maps” рақамли харитаси, “YouTube” видеопортали ҳамда “Google Play” интернет дўкони каби йирик лойиҳалари қаторидан жой эгаллади.

Google 2015 йилда Gmail хизмати фойдаланувчиларининг 75 %и электрон почта хизмати саҳифаларини мобиль алоқа воситалари орқали бошқараётгани ҳақида хабар берган эди. Янги ҳисоботда бу рақам тўғрисида бирор маълумот келтирилмаган.

Gmail дастурчилари томонидан электрон почта алоқасининг сифатини ошириш мақсадида, Gmail хизматига марказлаштирилган Inbox “ақлли почта иловаси” ишлаб чиқилди. Унинг ёрдамида юборилган почта мактубининг ҳолати билан танишиш, мактубларни саралаш ва очмасдан туриб, муҳимлигини баҳолаш, чипталар харид қилиш ва банд қилиш, спам ва ахборот хуружларидан ҳимояланиш функциялари мавжуд.

Ушбу бепул почта хизматига 2004 йилда асос солинган. Почта хизмати ҳар бир фойдаланувчисига бепул маълумот алмашиши учун 1 ГБ миқдорида электрон майдон беради. 2012 йилда почта хизмати такомиллаштирилиб, қўшимча функциялар билан бойитилган. 2014 йилда маълум қилинган статистик маълумотларга кўра, АҚШдаги кичик ва ўрта бизнес компанияларининг 60 фоизи мазкур хизмат мижози ҳисобланади. 2014 йилнинг майида  Gmail Google Play Store иловалар дўконидан Android қурилмалар учун 1 миллиард маротаба юклаб олинган илк иловага айланган.