Google 2016: Android’нинг 7-авлодини кутиб олинг

Google 2016: Android’нинг 7-авлодини кутиб олинг


Бу йилги анжуманда компания томонидан Android’нинг янги талқини, 7-авлод Андроиди – Android N (“Android Nutella”, балки “Android Nougat”) тизими тақдим этилиши кутилмоқда. Ҳозирча унинг номи юзасидан аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. У Android Marshmallow’дан ҳам такомиллашган бўлиши мумкин.

2010 йилда Oracle компанияси Google’ни Android тизимини ишлаб чиқишда унга тегишли бўлган Java технологиясига хос хусусиятларнинг ўғирлиниши юзасидан судга берган эди. 2014 йилда эълон қилинган суд хулосаси Oracle 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрганлигини тасдиқлайди. Шундан сўнг, Google компанияси Android тизимининг OpenJDK – очиқ Java платформасига ўтиши тўғрисида эълон қилган.  Android N операцион тизими OpenJDK платформасидаги илк тизимдир.

Android N тизими бир неча функцияли меню ва кўп ойнали режимга асосланган бўлади. Яъни бир вақтнинг ўзида қурилма экранида бир нечта иловалардан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, уларнинг ҳар бирига алоҳида махфий сўз қўйиш ёки блоклаш мумкин.

Android базасидаги дастурларни ўчира олмаслик кўпчиликнинг муаммосига айланган. Улар қурилма хотирасининг асосий қисмини эгаллайди. Янги операцион тизимда фойдаланувчиларига тизим созламаларига ўзгартириш киритиш имкони берилади. Яъни, энди смартфон эгаси Android N платформасидаги базавий иловаларни ўчириб ташлаши мумкин. Унда дастурий янгилашларнинг сонини, қурилма қувватини тежаш хусусиятларини кўриш мумкин.

Қурилма дисплейини ёқиш учун унинг устига икки маротаба чертиш кифоя. Android N тизими скриншот олиш, қувват тежаш режимига ўтиш, жараённи сақлаб қолган ҳолда смартфонни қайта ўчириб-ёқиш, фойдаланувчини танлаш каби функцияларга эга бўлади.   Android N интерфейси қора рангдан ташкил топади. Қорамтир тема қурилма қувватининг тежалишига ҳам хизмат қилади. Шунингдек, тизимда мусиқий иловаларни бошқариш ҳам осонлашади.

Бирор дастурни ўрнатиш маҳали фойдаланувчи илованинг қурилмадаги фаолиятини тасдиқлаш орқали фойдаланувчи дастурга ҳам унга тегишли маълумотларни фойдаланиш ҳуқуқини беради. Янги тизим имкониятлари эса ўрнатилаётган янги дастурга алоқалар, телефон, камера, манзил, хатларга оид маълумотлардан фойдаланишга тақиқ қўйиш имконини беради. Шунингдек, Android N тизимга бармоқ излари орқали кириш функциясига ҳам эга бўлади.

Marshmallow’да смарт қурилмалардаги маълумотларни ҳимоялаш мақсадида, тизимни қулфлаш тизими жорий қилинган. Яъни, қурилма фойдаланувчидан узоқда бўлса ёки ўзини хавфсиз жойда эмаслиги тўғрисида хабар топса, автомат тарзда қулфланади. Шунингдек, махфий сўзлар тузишда ёрдам берадиган электрон менежер – Smart Lock for Passwords хизмати ҳам ишга туширилган эди. Лекин мазкур хизматлар барча иловаларга мўлжалланмаган. Android N тизимида бу қулайликларнинг такомиллашуви кутилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!