Google 4-октябрда Pixel ва Pixel XL смартфонларини расман тақдим этади
Google компанияси 4-октябрь куни Сан-Франциско (АҚШ, Калифорния) шаҳрида Pixel ва Pixel XL смартфонларининг тақдимотини ўтказади. Шу мақсадда компания madeby.google веб-сайтини ишга тушириб, янги телефонларга қарашли тизерларни унга жойлаган. Сайтнинг номига қараб эндиликда қидирув гиганти бошқа смартфон ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда тайёрланган қурилмаларни ўз бренди остида позициялашини тахмин қилиш қийин эмас.
Бу галги янги Pixel ва Pixel XL смартфонлари Тайваннинг HTC компанияси томонидан Google’нинг тўлиқ назорати остида яратилади.
Куни кеча сайтимизда Pixel ва Pixel XL моделларига қарашли баъзи суратлар ва техник кўрсаткичлар тўғрисида хабар берган эдик. Биринчи смартфонга 5 дюймли экран ўрнатилса, иккинчиси йирикроқ – 5,5 дюймли дисплейга эга бўлади.
Google янги Pixel смартфонларига бағишланган сайтда бир нечта, эҳтимол, айнан мазкур телефонлар камерасидан олинган суратларни ҳам жойлаган. Pixel ва Pixel XL янги Sony IMX378 сенсорли 12 МПли асосий ва Sony IMX179 сенсори билан жиҳозланган 8 МПли олд камераларга эга бўлади.
Сўнгги хабарларга кўра, 5-дюймли ва 32 ГБ доимий хотирага Pixel телефони тахминан 649 доллар нархида сотувга чиқарилиши мумкин. Агар ушбу маълумот аниқ бўлса, янги Google телефонлари нарх сегментида бошқа компанияларнинг флагманларига тенглашиб олади.