Google 40 тилни биладиган Pixel Buds'ни тақдим қилди

Google 40 тилни биладиган Pixel Buds'ни тақдим қилди

Куни кеча АҚШ да ўтган Google тақдимотида Pixel 2 ва Pixel 2 XL билан бирга, Pixel Buds аудио-қулоқчинлари ҳам тақдим қилинди. Тақдимот чоғида бу қулоқчин инглиз тили фойдаланувчисига шведциялик билан тўғридан-тўғри суҳбат қуриши мумкинлиги кўрсатиб берилди. Яъни, ҳар ким ўз тилида гапиради, гаджет эса уларнинг фикрларини керакли тилга таржима қилиб беради.

Ҳозирча Pixel Buds оз эмас, нақ 40 тилни билади ҳамда унинг таржимонлик қобилиятига намойишдаёқ кўпчилик қойил қолди.

Google Pixel Buds'даги бу муҳим инновация -- унинг Google Assistant овозли ёрдамчисини қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ. Қулоқчинлар бевосита смартфонга уланади. Google Assistant фойдаланувчига режалаштирилган ишларни эслатиши, кириш хатларини ўқиб бериши мумкин. Гаджет Android 7.0 Nougat ва ундан юқори тизимларида ишлайдиган Android смартфонлар билан ўзаро уланади.

Google Pixel Buds симсиз аудио-қулоқчин бўлиб, мусиқа тинглаш, манзилга етиб олишда йўналиш кўрсатиш, қўнғироқни амалга ошириш ва бошқа қатор вазифаларни амалга оширади.

Бир жуфт қулоқчинлар мато билан қопланган ўтказгич ёрдамида уланган. Ундаги ток сиғими 120 мА соат бўлган аккумулятор девайснинг 5 соат узлуксиз ишлашини таъминлайди. Шунингдек, қулоқчин қадоғидаги 620 мА соат сиғимли қўшимча повербанк орқали бу аудио-аксессуарда 24 соат мусиқа тинглаш мумкин.

Google Pixel Buds қора, оқ ва мовий рангли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда. У бозорга шу йилнинг ноябрида 159 АҚШ долларидан чиқарилади. 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.