Google Android иловалар нархини 17 мамлакатда арзонлаштирди

Google Android иловалар нархини 17 мамлакатда арзонлаштирди

Энди Бразилия, Чили, Венгрия, Мексика, Россия, Туркия, Украина ва бошқа, жами 17 мамлакатда Android иловалар нархи арзонлаштирилди. Бу тўғрида Google компанияси 17 ноябрь куни маълум қилган.

Google компанияси дунё миқёсида пуллик иловаларнинг юклаб олиниш суръатига оид ўтказган таҳлилдан сўнг шундай қарорга келган. 2015 йилнинг бошида Ҳиндистонда татбиқ қилинган худди шундай синов лойиҳаси муваффақият қозонган эди. Мазкур қарор илова яратувчиларига бизнесларини ривожлантиришлари ва фойдаланувчилари сонини оширишларига ёрдам бериши кутилмоқда.

Узоқ вақтдан бери Google Play дўконидаги пуллик Android иловаларнинг энг арзон нархи ўртача 0,99 АҚШ долларини ташкил этиб келаётган эди. Янги прейскурант бўйича нархлар баъзи мамлакатларда ҳатто 4 баробаргача арзонлашган.

Мисол учун, Саудия Арабистонидаги  фойдаланувчилар шу кунгача пуллик иловалар учун ўрта ҳисобда камида 4,00 риял, яъни 1.06 АҚШ доллари тўлаб келишган бўлишса, энди бу нарх-наво 4 мартага арзонлашган. Россия Федерациясида энг арзон пуллик иловаларни юклаб олиш шу кунгача 30 рубль бўлган бўлса, энди уларни 15 рублдан юклаб олиш имкони пайдо бўлди. Бу эса, ўз навбатида, Android платформаси фойдаланувчиларига янада кўпроқ иловаларни юклаб олиш имконини беради.

Таҳлиллар Android иловалар юклаб олиниши бўйича жаҳонда етакчи бўлса ҳам, Apple iOS платформаси учун илова яратувчилар Android илова яратувчиларидан кўпроқ даромад топишини кўрсатмоқда. Google’нинг илова яратувчилар манфаатларини ҳимоя қилаётгани энг яхши Android иловаларнинг яратилишига, натижада эса иловалар бозорининг ривожланишига, компаниянинг янада юқори даромад кўришига олиб келади.

Аммо жамоатчилик ва мутахассислар томонидан 190 дан зиёд мамлакатда харидорларига эга компаниянинг бор-йўғи 17 мамлакатда нархларнинг арзонлаштириши кичик бир самарасиз саъй-ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!