Google Arts & Culture’да Ўзбекистонга бағишланган учта янги тўплам очилди

  •   DiMaX
  •  402
  •  19.05.2020 18:32

Google Arts & Culture’да Ўзбекистонга бағишланган учта янги тўплам очилди

18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан Google Arts & Culture онлайн платформасида Ўзбекистон музейлари ва маданиятига бағишланган учта янги тўплам очилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабарига таяниб Sof.uz нашри ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Дунёдаги барча виртуал музейларга энди битта сайтдан кира оламиз!

Очилишда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмаклашди.

Биринчи тўпламда сиз «Ўзбекистон: Самарқандга йўл» (Муаллиф Яффа Ассулин, Лондон) китобини нашр этишга илҳомлантирган унутилмас ландшафтлар, меъморий ёдгорликлар ва мамлакатимиз тарихи билан танишишингиз мумкин. Муаллиф мамлакатимизнинг энг чекка бурчакларига ташриф буюриб, тарихга кириб бориб, амалий ва ижрочилик санъатининг усталари асарларини томоша қилган.

Иккинчи тўплам Лувр музейидаги «Буюк Ипак йўлидаги цивилизациялар ва маданиятлар» кўргазмасида намойиш этиладиган Ўзбекистоннинг маданий меросининг энг қадимий асарлари ҳақида ҳикоя қилади. Варахша саройидаги фреска парчалари, Фаёзтепадаги Будда ва роҳиблар ҳайкали, қадимий Усмон Қуръони қўлёзмаси ва жаҳоннинг маданий меросига кирувчи Ўзбекистоннинг бошқа муҳим экспонатлари намойиш этилади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон музейларига энди дунёнинг исталган нуқтасидан онлайн саёҳат қилиш мумкин!

Учинчи тўпламда Ўрта Осиёдаги энг йирик музейлардан бири - Ўзбекистон давлат санъат музейи тарихи нашр этилади. Яратиш тарихи ва архив фотосуратлари музей очилгандан бери унинг меъморчилиги ва кўргазма майдонида ажойиб ўзгаришларни намойиш этади. Шу билан бирга, тўпламда япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган музей меъморчилигининг янгиланган концепцияси тақдимоти мавжуд.

Google Arts & Culture маданий соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келади. Унда ҳозирга қадар Қорақалпоғистондаги И. Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Ойбек уй музейи ва Саодат Исмоилованинг Qirq qiz - Тошкентдаги замонавий санъат маркази очиқ-кўргазмалари жойлаштирилган.

Google Arts & Culture бу санъат асарларига юқори аниқликдаги кириш ҳуқуқини тақдим этадиган онлайн платформадир. Лойиҳа 2011 йилда Google томонидан 17 та музей билан ҳамкорликда бошланган. Бугунги кунда ушбу лойиҳага дунёнинг турли мамлакатларидан 2000 дан ортиқ маданий муассасалар қўшилган.

ЎҚИНГ: Ер юзидаги энг йирик музейга ҳам энди онлайн ташриф буюринг! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!