Google Assistant’дан сўнг «Алиса» ҳам веб-саҳифаларни ўқиб беришни ўрганди

  •   DiMaX
  •  1528
  •  11.03.2020 15:11

Google Assistant’дан сўнг «Алиса» ҳам веб-саҳифаларни ўқиб беришни ўрганди

«Яндекс» компанияси Россиянинг илк интеллектуал овозли ёрдамчиси – «Алиса»ни 2017 йилдаёқ тақдим этган эди. Ҳозиргача уни такомиллаштиришмоқда ва яқинда браузердаги саҳифани овоз чиқариб ўқиш функцияси билан бойиди.

ЎҚИНГ: Сунъий интеллект баҳси: овозли ёрдамчилардан қай бири энг ақлли?

Айтиш керакки, Google айни шу опцияни куни кеча ўзининг овозли ёрдамчиси – Google Assistant’га қўшган эди. Ушбу сервис 42 тилдаги, шу жумладан русчадаги веб-саҳифаларни ўқий олади.

Қидирув гигантининг хабарига кўра, бу имконият Android 5.0 ва ундан янги тизим талқинидаги смартфонларга тез орада татбиқ этилади.

ЎҚИНГ: «Елена» – «сунъий онг»ли виртуал телебошловчини қарши олинг! (+видео)

«Алиса»га келадиган бўлсак, у «Яндекс» компаниясининг ўз браузерида ва фақат рус тилида, лекин Android’дан ташқари яна Windows тизимли қурилмаларда ҳам ишлайди. Компьютерда веб-саҳифани овозли ўқитиш учун «Яндекс.Браузер» очиқ ҳолида русчалаб: «Слушай, Алиса, прочитай эту страницу», дейиш кифоя.

Смартфонларда эса бунинг учун экрандаги қулоқчин тугмачасини босиш керак бўлади; бу тугмача «Яндекс.Браузер» мутола режимини ёқа оладиган саҳифаларда автоматик тарзда пайдо бўлади. Исталган матнни ёки унинг бир қисмини белгилаб олиб, контекст менюдаги «Озвучить» бандини босса ҳам бўлади.

«Алиса» ҳажми катта бўлган матнларни ўқиётганида, веб-саҳифадаги тугмачалар, баннерлар ва ҳоказо бегона элементларни ташлаб кетади. Натижада сиз фақат керакли матннинг ўзини тинглаб, бир вақтнинг ўзида бошқа ишларингиз билан банд бўлишингиз ҳам мумкин. Орада шошилинч иш чиқиб қолса, овозли мутолани танаффус режимига ўтказиб, кейин яна ўша келган жойидан ўқитиб кетиш имкониям бор.

ЎҚИНГ: Россияда «Маруся»ни «Капсула»га солиб сота бошлашди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!