Google барибир яна Apple’га эргашди ва танқидларга учради

  •   DiMaX
  •  1514
  •  17.10.2017 10:12

Google барибир яна Apple’га эргашди ва танқидларга учради

Маълумки, Pixel 2 ҳамда Pixel 2 XL смартфонлари iPhone 8 ва iPhone 8 Plus смартфонларининг рақобатчиси сифатида майдонга тушган. Бироқ ушбу гаджетлар тақдимотидан кейин, уларнинг ишлаб чиқарувчиси – Google компанияси яна Apple’дан ўрнак олди, деб ёзади AppleInsider нашри.

Яъни,  Google ўзининг янги девайслари учун USB Type-C портидан 3,5 мм.лик тирқишга ўтказиб берувчи адаптерни савдога чиқарди. Тўғри, бундай йўл тутиш ҳозир кенг тарқаляпти, аммо қидирув гигантининг соҳиби «инсофни четга суриб қўйиб», адаптерни нақ 20 доллардан сота бошлади-да!

Ўз смартфонларидан қулоқчин тирқишини биринчи бўлиб олиб ташлаган Apple эса, худди шунга ўхшаш Lightning-адаптери учун атиги 9 доллар нарх белгилаган. Шу боис ҳам Google адаптерининг нархи эълон қилингач, Google номига танқидлар кўпайиб кетди. The Verge нашрининг ёзишича, танқидлардан сўнг Google бу аксессуар нархини 9 долларга туширган.

Бироқ шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, айни шундай адаптер ҳар бир янги Pixel смартфони билан бирга, жамланманинг ўзида тақдим этилади. Шунчаки, уни йўқотиб қўйганлиги учун ёки қўшимча тарзда харид қилмоқчи бўлганлар уни юқорида кўрсатилган нархларда сотиб олишларига тўғри келади.

Яна шуниси ҳам борки, Хитой онлайн-дўконлари айни шундай функцияга эга бўлган адаптерларни анча арзонга таклиф этишади – уларни ҳатто 2-3 долларга ҳам харид қилиш мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!