Google бугун «вояга етди», яна 4 сентябрь – қаттиқ диск ва процессорнинг ҳам «туғилган куни»!

  •   DiMaX
  •  407
  •  04.09.2019 14:07

Google бугун «вояга етди», яна 4 сентябрь – қаттиқ диск ва процессорнинг ҳам «туғилган куни»!

Қидирув гиганти бугун 21 ёшга тўлди, бу эса АҚШда вояга етганлик кўрсаткичи ҳисобланади. Шунингдек, қаттиқ дисклар ҳамда якка кристалли процессорлар тарихида ҳам 4 сентябрь муҳим санадир.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон ҳатто Google, Яндекс, AliExpress ва Netflix’га ҳам солиқ солмоқчи!

1998 йилнинг 4 сентябрида Google корпорацияси расман рўйхатга олинган.

Аслида бўлажак қидирув гигантни ундан ҳам икки йил аввал фаолият бошлаган, бироқ 1996 йили у ҳали шунчаки икки нафар талабанинг тадқиқот лойиҳаси эди. Стэнфорд университетида ўқиётган Сергей Брин ҳамда Ларри Пейж биргаликда интернетда қидирувга ихтисослашган PageRank алгоритмини ишлаб чиқишган.

Google’нинг биринчи варианти шунақа кўринишда бўлган

Сизларга севимли Terabayt.uz сайтида ушбу компанияга алоқадор кўплаб мақола ва хабарлар эълон қилинган.

ЎҚИНГ: Google ҳақида сиз билмаган қизиқарли фактлар

1956 йилнинг 4 сентябрида IBM компанияси компьютерлар учун биринчи қаттиқ дискни чиқарган.

Аниқроғи, HDD прототиплари ундан олдин ҳам бўлган, бироқ улар олимлар учун олимлар томонидан яратилган ва очиқ савдога чиқарилмаган. IBM 350 ҳамда IBM 355 русумли қаттиқ дисклар эса IBM 305 RAMAC (Random Access Method of Accounting and Control) тизими таркибида ижарага берилган. Ижара ҳақи эса... ойига 3200 доллар эди!

Бу – спортлотто машинаси ёки иситгич эмас, балки биринчи қаттиқ диск

Худди шундай нарх эвазига магнитли хотира диски ҳам сотилган, унинг ҳажми 4,4 МБ (тўғри ўқидингиз: гигабайт эмас – мегабайт!) бўлган; бу эса ҳозирда MP3 форматидаги қўшиқ файлининг ярмигина сиғадиган ҳажмдир. Бироқ 1950-йилларда қаттиқ дисклар оддий фойдаланувчилар томонидан кўнгилхушлик учун эмас, балки йирик компаниялар томонидан жиддий мақсадларда қўлланилган. IBM тақдим этган 305 RAMAC тизимининг биринчи буюртмачилари қаторида АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари ҳамда Chrysler автомобил концерни ҳам бўлган.

IBM компаниясига алоқадор хабарларимиз рўйхатига мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: IT фактлар: сиз буларни биласизми?

1973 йилнинг 4 сентябрь санасида муҳандис Гари Бун якка кристалли процессор учун патент олган.

Шу тариқа, ҳозирги кўринишдаги процессор ихтироси учун биринчиликни иккита компания ўзаро бўлишиб олишган. Улардан бири Бун ишлаётган Texas Instruments бўлса, иккинчиси ҳозир ҳам етакчи чипсозлардан саналмиш Intel эди. Бу компания ҳам ўша йиллари мустақил тарзда Intel 4004 русумли якка кристалли микропроцессорини яратган.

Илк якка кристалли процессор

Гари Бун патентлаб, у ишлаётган компания томонидан яратилган илк чипсет Texas Instruments TMS 1000 бўлиб, унгача процессорлар алоҳида-алоҳида ишловчи микросхемадан иборат бўлган эди. Ушбу компания биринчи бўлиб процессорни ва унинг кэш-хотирасини яхлит интеграл схемага жойлаган.

Процессорларга алоқадор хабар ва мақолаларимизга қизиқсангиз, ушбу ҳамда мана бу ҳаволалар орқали уларни кўриб чиқишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли смартфонларга қандай процессорлар ўрнатилади?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!