Google Chrome учун энг керакли кенгайтмалар

  •   DiMaX
  •  1981
  •  07.02.2017 16:23

Google Chrome учун энг керакли кенгайтмалар

Ҳар қандай браузернинг қўшимча ўрнатиладиган иловалари – турли функцияларга эга кенгайтмалари мавжуд. Жумладан, Google Chrome браузерида ҳам. Lifehacker сайти ўз версиясига кўра мазкур кенгайтмалар орасида энг кераклиларини эълон қилган.

Агар бу браузердан фойдаланиш бўйича тажрибангиз кам бўлса, у ҳолда қуйидаги рўйхат айнан сизга аталган. Тажрибали фойдаланувчилар учун ҳам қизиқарли нарсалар бор бу ерда…

Checker Plus for Gmail™

Аксарият ҳолларда иш унумдорлигини ошириш мақсадида, электрон почтани текширишга имкон қадар кам вақт ажратишни тавсия этишади. Checker Plus for Gmail кенгайтмаси айнан мана шу маслаҳатни амалга оширишда сизга кўмакчи бўлади. Унинг ёрдами билан сиз янги хат келганидан шу ондаёқ хабардор бўлишингиз мумкин. Яна келган мактубни ҳам шу кенгайтма ойначасининг ўзидаёқ кўриб чиқишингиз ёки ўчириб юборишингиз имконияти мавжуд. Натижада, Gmail асосий интерфейсини бирор марта ҳам очиб кўрмасдан, бемалол бошқа ишларингизни қила оласиз.

Downloads

Гарчи Google Chrome энг кенг тарқалган ва тезкор браузерлардан бири бўлса-да, унда интернетдан файлларни кўчириб олиш масаласи мақтанишга арзирли эмас. Бироқ бунинг ҳам чораси бор – Downloads кенгайтмаси мазкур муаммони бартараф этишда жуда қўл келади. У браузерга худди Firefox ва Opera’даги каби кўчирмалар панелини қўшиб қўяди. Қалқиб чиқувчи кичкинагина ойначада сиз жорий кўчириб олиш топшириқларининг кечиш жараёнини кузатишингиз, юклаб олинган файлларни очиш ёки ўчириб ташлашингиз, ҳаттоки бирор файлни кўчириш узилиб қолса, топшириқни такрорлашингиз ҳам мумкин.

LastPass: Free Password Manager

Энг оммабоп ва қулай пароллар менеджери учун кенгайтма. LastPass’ни бир марта ишлатиб кўрган киши ҳеч қачон унинг хизматларидан воз кечмайди. У сизнинг барча онлайн паролларингизни ишончли тарзда ҳимоя қилади ва тегишли сайтларга кираётганингизда, керакли паролни тақдим этади. Сиз эса биттагина асосий паролни эслаб қолсангиз кифоя.

Modern New Tab Page

Chrome браузерининг ташқи кўринишини ўзгартирувчи ва янги варақалар билан боғлиқ турли имкониятларни тақдим этувчи кенгайтмалар бисёр. Аммо улар орасида чиройли ташқи кўринишга ва яхши функцияларига эга бўлган Modern New Tab Page кенгайтмасининг ўрни бўлакча. Айниқса, сиз Windows’нинг плиткасимон интерфейсга эга замонавий версиясидан фойдаланаётган бўлсангиз, бу кенгайтма браузерингизга худди узукка кўз қўйгандек ярашади.

Pushbullet

Агарда Android ёки iOS тизимли қурилмангиз мавжуд бўлса, у ҳолда албатта Google Chrome учун ишлаб чиқилган Pushbullet кенгайтмасидан фойдаланиб кўринг. Унинг ёрдами билан сиз биттагина чертиш орқали ҳаволалар, матнлар ва файлларни мобил қурилмангизга юборишингиз мумкин. Тағин у орқали SMS-хабарлар жўнатиш ва ўқиш, дўстлар билан чат ташкил этиш имкони ҳам бор.

Save to Pocket

Pocket сервиси ҳозирда анча оммалашган бўлиб, очилган интернет-саҳифани кейинчалик ўқиш учун сақлаб қўйишга мўлжалланган. Айрим сайтларга бу сервиснинг тугмачалари жойланган, аммо кўпчилик сайтларда унақа эмас. Бу ҳолда сизга ушбу сервиснинг махсус Save to Pocket кенгайтмаси ёрдамга келади.

SimpleExtManager

Google Chrome учун минглаб турли-туман кенгайтмалар ишлаб чиқилган, балки ўзингиз ҳам браузерингизга улардан бир нечтасини ўрнатиб олгандирсиз.  Лекин ёдда тутинг: браузерга ўрнатилган кенгайтмалар жуда кўп бўлса, унинг ишлашини секинлаштиради. Шунинг учун ҳам SimpleExtManager’ни ўрнатиб олишни тавсия этамиз, у «кенгайтмаларни бошқариш учун кенгайтма» ҳисобланади. Яъни, у сизга айни дамда керак бўладиган кенгайтмаларнигина ёқиб қўйиб, қолганларини ўчириб туришда қўл келади.

uBlock Origin

Рекламаларни чекловчи кенгайтмалар барча браузерларда ҳам ҳамиша энг зарурларидан ҳисобланади. Google Chrome учун эса биз uBlock Origin кенгайтмасини тавсия этамиз. Аслида у нисбатан яқинда пайдо бўлган, бироқ тизим ресурсларини кам талаб этиши ҳамда аъло даражада ишлаши билан қолган вазифадошларини сиқиб чиқаришга эришяпти.

XTranslate

Тезкор замонда чет тилларини ўрганиш учун вақт ажратиш мушкул, аммо бизни қизиқтирувчи кўп ахборот манбалари асосан инглиз тилидаги сайларда бўлади. Бунда XTranslate кенгайтмаси мададкор бўлади – у нотаниш  сўзлар, гаплар ва ҳатто бутун бошли саҳифадаги матнни бир зумдаёқ ўгириб, сизга тақдим этади. Шунчаки, керакли матнни сичқонча ёрдамида белгилаб олсангиз бас – ўша ондаёқ Google, Яндекс ёки Bing таржимасидаги русча матнни қўшимча ойнада кўрсатади. Тўғри, бу сервислар ўзбекчага ўгириб бера олмаслиги мумкин, лекин, ҳар ҳолда, русчани инглизчадан кўра яхшироқ тушунамиз-ку.

Контекстли қидирув

Chrome браузерининг ўзида ҳам матнни излаш имконияти мавжуд, аммо у керакли матнни интернетдан фақат Google орқалигина излайди. Бу кенгайтма  билан эса сиз матнни излаш учун исталган қидирув тизими хизматидан фойдалана оласиз. Бир мартагина – созлаш учун сал вақт ажратсангиз бас, кейин сичқонча билан биттагина босиш орқали исталган сурат, фильм, мусиқа, китоб ёки бошқа маълумотларни турли қидирувчилар ёрдамида излаб топишингиз мумкин бўлади.

 Хўш, сиз бу рўйхатга яна қайси кенгайтмаларни киритган бўлар эдингиз?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!