Google Chrome’даги бешта махфий имкониятни фаоллаштирамиз

  •   DiMaX
  •  2219
  •  10.12.2019 12:27

Google Chrome’даги бешта махфий имкониятни фаоллаштирамиз

Стандарт функционалидан ташқари, Google Chrome браузерининг яширин имкониятлари ҳам бор ва улар экспериментал функциялар дейилади. Бу – Chrome ишлаб чиқувчиларининг тажрибалари бўлиб, улардан баъзилари бошловчи фойдаланувчиларга тўғри келмайди.

ЎҚИНГ: Google Chrome’ни саҳифаларни бир зумдаёқ очишга мажбурлаймиз

Бугун шулардан бештасининг имкониятларини ҳамда уларни фаоллаштиришни кўриб чиқамиз. Аввало, браузернинг тажрибавий функцияларига кириш учун унинг манзил қаторига chrome://flags ёзувини киритиш (ёки мана шу ернинг ўзидан нусхалаб олиб ташлаш) ҳамда «Enter» тугмачасини босиш керак. Шунда экспериментал функциялар саҳифасига ўтасиз, афсуски, у ердаги ёзувлар инглиз тилида. Бироқ керакли имкониятларни қандай ишга туширишни қуйида билиб оламиз.

Эслаб қолинг: «Reset to default» тугмачаси барча созламаларни дастлабки ҳолатига қайтаради. Тажрибавий функцияларнинг ҳаммаси ҳам барча платформаларда тўғри ишлайвермаслиги мумкин. Агарда қуйида биз кўрсатиб бераётган ўзгаришларни қилганингиздан сўнг браузерингиз ишида камчилик кузатилса, шу тугмача орқали барчасини бирданига бекор қилишингиз мумкин бўлади.

Chrome иловаси – мультиплатформали браузер бўлиб, унинг айрим функциялари фақат муайян платформалардагина ишлайди. Шу боисдан тажрибавий функциялар саҳифасида барча опциялар иккита рўйхатга ажратилган. «Available» устунидаги функциялар сизнинг платформангиз учун амал қилувчи, «Unavailable» устунидагилар эса бу платформада ишламайдиган опциялардир.

ЎҚИНГ: Chrome’да узоқ кутилган функция ишга тушди, уни қандай ёқамиз?

Бирор функцияни фаоллаштириш ёки ўчириш учун унинг номи тўғрисида – ўнг томонда жойлашган, пастга очиладиган тугмачадан фойдаланамиз. Унда «Enabled» турган бўлса – шу опция фаоллаштирилган, «Disabled» турган бўлса – ўчирилган, деганидир. Кўк ранг билан эса сиз аллақачон ўзгартирган созламалар белгиланган.

Хуллас, кетдик...

  1. Силлиқ варақлаш

Номидан ҳам кўриниб турганидек, бу функция саҳифаларни пастга ёки юқорига ўтказганингизда бир текис варақланишини фаоллаштиради. Излаш қаторида «Smooth Scrolling» ёзуви орқали мазкур опцияни топиб, фаоллаштирасиз. Кейин исталган веб-саҳифани варақлаганингизда фарқи сезилади.

  1. Варақаларни гуруҳлаш

Браузерда жуда кўп варақа (вкладка)лар очиб ташланган бўлса, улар орасидан кераклисини топиш қийин бўлиб қолади. Баъзи ҳолларда Google Chrome’да бир нечта саҳифани турли варақаларда очиқ сақлаб, биридан бошқасига ўтиб маълумот олиш зарурати бўлади. Шундай вазиятларда варақаларни гуруҳлаш функцияси сизга қўшимча қулайлик бахш этади. Уни фаоллаштириш учун «Tab Groups»ни ёқиб қўясиз.

Кейин эса исталган варақа устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертиб, уни янги ёки олдиндан яратилган гуруҳга қўшиб қўйиш имкони туғилади. Шунингдек, варақалар гуруҳларига алоҳида ранг ва ном беришингиз ҳам мумкин.

ЎҚИНГ: Google Chrome’даги ҳозироқ ўчириб қўйиш керак бўлган муҳим созлама

  1. Барча сайтларда тўқранг режим

Ҳар қандай сайтни «тунги режим»га ўтказувчи кенгайтма ҳақида маълумот бергандик, энди шу функция браузернинг ўзига жорий этилди. Бунинг учун экспериментал функциялар саҳифасида «Force Dark Mode for Web Contents» опциясини топиб фаоллаштирасиз.

Мазкур функция барча сайтларда ҳам тўғри ишлайвермаслиги мумкин, лекин барибир тунги пайтда, шунингдек, ноутбукнинг қувватини тежаш учун жуда қўл келади.

  1. 4. Файлларнинг параллел кўчирилиши

Браузерингизни тезлаштирувчи функциялардан бири. Уни фаоллаштирсангиз, Chrome кўчирилаётган файлни бир неча қисмларга бўлиб, барчасини бир вақтнинг ўзида ва тезроқ юклаб олади. «Parallel downloading» опциясини топиб фаоллаштирсангиз, кейин буни ўзингиз пайқайсиз.

  1. Варақаларни олдиндан кўриш

Браузерда бир неча варақа очиқ турганида, уларнинг сарлавҳаларига сиғмагани учун номлари тўлиқ акс этмай туради. «Tab Hover Card Images» функцияси шунақа ҳолатлар учун қўл келади. Уни фаоллаштириб қўйсангиз, кейин варақа сарлавҳасига сичқончани олиб боришингиз билан ундаги саҳифа кичрайтирилган шаклда акс эттирилади.

Хўш, синаб кўрасизми?

ЎҚИНГ: Chrome’ни секинлаштираётган реклама ва вируслардан осонгина қутуламиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!