Google Chrome’нинг яширин имкониятларини биринчилар қаторида синаб кўриш осонлашди!

  •   DiMaX
  •  671
  •  21.12.2020 14:25

Google Chrome’нинг яширин имкониятларини биринчилар қаторида синаб кўриш осонлашди!

Қидирув гиганти ўзининг турли иловалари ва сервисларида янги функцияларни жорий этишдан олдин уларни узоқ ват синовдан ўтказади. Бироқ ҳали оммавий тақдим этилмаган шундай янги опцияларнинг айримларини оддий фойдаланувчилар ҳам синаб кўришлари мумкин.

ЎҚИНГ: Арзон смартфонлар эгаларига Google’дан хушхабар бор (+видео)

Шу жумладан, дунёда энг кенг тарқалган браузер – Chrome дастурида ҳам яширин имкониятларни синаб кўриш мумкин. Бунинг учун унинг манзил қаторига chrome://flags ёзувини киритиш, сўнг эса керакли буйруқларни фаоллаштириш лозим бўлади. Лекин фойдаланувчиларнинг ҳаммаси ҳам у ердаги юзлаб номларнинг қай бири нимани англатишини билмайди. Шунингдек, у ерда акс этган функциялардан қайси бири янгию қайсиниси аввалдан мавжуд эканини ҳам билиб бўлмайди.

Google компанияси энди Chrome дастурига «Chrome Labs» номли янги опция қўшди – унинг ёрдамида браузернинг яширин имкониятларини синаб кўриш анча осонлашган. Ушбу «лаборатория» дастурнинг фақат янги – экспериментал созламаларига кириш имконини беради.

Ҳозир «Chrome Labs» опцияси сўнгги Chrome Canary талқинидаги барча фойдаланувчиларга тақдим этилган, уни фаоллаштириш учун қуйидаги қадамларни амалга оширасиз:

  1. Браузернинг энг сўнгги Chrome Canary (89.0.4353.0) версияси ўрнатилганлигига ишонч ҳосил қилинг.
  2. Манзил қаторига chrome://flags ёзувини киритиб (ёки шу ердан нусхалаб олиб ташлаб), «Enter»ни босинг.
  3. Излаш майдончаси орқали «Chrome Labs»ни топиб, тегишли созламани фаоллаштиринг.

Шундан сўнг браузернинг ўзини бир ўчириб-ёқасиз; агар ҳаммаси тўғри бажарилган бўлса, дастурнинг манзил қаторида колба белгичаси пайдо бўлади. Исталган пайтда уни босиш орқали браузернинг тажрибавий функцияларига ўтишингиз мумкин.

«Chrome Labs» опциясининг барқарор версиядаги Chrome дастурига қачон тақдим этилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Бироқ ушбу браузернинг «нафсини жиловлаш», жонга тегувчи билдиришномаларни буткул ўчириб қўйиш, ишлаш тезлигини ошириш, ҳаттоки 10 карра тезроқ ишлашга мажбур қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: iPhone ва Android-смартфонлар учун энг зўр браузерлар («Роскачество» рейтинги)

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!